Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

«Google асосчиси рафиқаси билан Илон Маск туфайли ажрашмоқда» — ОАВ

Маск Шанахан билан муносабатларни бошлагач қўшиқчи Граймс билан ажрашган.

Google асосчиси Сергей Брин турмуш ўртоғи Николь Шанаханнинг Илон Маск билан қисқа ишқий муносабатлари сабаб у билан ажрашиш учун ариза берди. Бу ҳақда масаладан хабардор манбаларга таяниб Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.

Газета манбаларидан бири Брин ва Маскнинг сўнгги ойлардаги муносабатларини «таранг» деб таърифлаган. Google асосчиси молиявий маслаҳатчиларига Tesla акцияларини сотишни буюрган. 2008 йилда Брин компанияга беш юз минг доллар сармоя киритган эди.

«Маск ва Шанаханнинг ишқий муносабатлари 2021 йил декабрь ойида Майамида бошланган. Ўша пайтиёқ Брин ва унинг рафиқаси ажрашишга қарор қилган, бироқ бирга яшашни давом эттирган. Уларнинг турмушидаги қийинчиликлар пандемия давридаги стресс ва уч ёшли қизини тарбиялаш билан боғлиқ», — дея хабар беради газета манбалари.

Маск Шанахан билан муносабатларни бошлагач, қўшиқчи Граймс билан ажрашган.

Бриннинг июнь ойида ажрашиш учун ариза бергани Business Insider ва People журналининг суд ҳужжатларига асосланиб ёзилган. Google асосчиси ажрашиш учун сабаб сифатида «ҳал қилиб бўлмайдиган келишмовчиликларни» кўрсатган.

«Томонларнинг мулкий ҳуқуқлари ёки мажбуриятлари билан боғлиқ барча масалалар томонлар ўртасидаги ёзма келишувга биноан махфий мажбурий арбитраж орқали ҳал қилинади» — деган Брин ажрашиш тўғрисидаги аризасида.

Шунингдек, у қизига биргаликда васийлик қилишни сўраган.

Сергей Брин — америкалик дастурчи ва тадбиркор, у Ларри Пейж билан биргаликда Googl’га асос солган. Forbes журнали Бриннинг бойлигини 89,9 миллиард долларга баҳоламоқда.

У 2022 йилда дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида еттинчи ўринда турибди. Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск эса 219 миллиард доллар бойлик билан биринчи ўринни эгаллаган.

Аввалроқ Маск «Марсга одамлар керак» дея  неча нафар фарзанд кўришни режалаштираётгани ҳақида гапирган эди.

Илон Маск 2021 йил ноябрь ойида ўзи асос солган Neuralink компанияси раҳбари Шивон Зилис билан эгизакларнинг ота-онасига айланганди. Маскнинг биринчи турмушидан олти нафар (бири вафот этган), иккинчи турмуши, қўшиқчи Граймдан эса икки нафар фарзанди бор.

Мавзуга доир: