Миллиардер Илон Маск Google асосчиси Сергей Бриннинг рафиқаси Николь Шанахан билан ишқий муносабатда бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда у Twitter’даги саҳифасида ёзган.
Аввалроқ Wall Street Journal Google асосчиси Сергей Брин турмуш ўртоғи Николь Шанаханнинг Илон Маск билан қисқа ишқий муносабатлари сабаб у билан ажрашиш учун ариза бердгани ҳақида хабар берган эди.
«Бу мутлақо ёлғон. Сергей ва мен дўстмиз ва ўтган кеча зиёфатда бирга эдик. Мен Николни уч йил ичида бор-йўғи икки марта кўрганман, ҳар икки сафар ҳам бошқа кўплаб одамларнинг ёнида. Ўртамизда ҳеч қандай ишқий муносабатлар йўқ», — дея ёзган Tesla асосчиси Tvitter’да.
Брин ва Шанаханнинг турмушидаги қийинчиликлар пандемия давридаги стресс ва уч ёшли қизини тарбиялаш билан боғлиқлиги айтилганди.
«Маск ва Шанаханнинг ишқий муносабатлари 2021 йил декабрь ойида Майамида бошланган. Ўша пайтиёқ Брин ва унинг рафиқаси ажрашишга қарор қилган, бироқ бирга яшашни давом эттирган. Уларнинг турмушидаги қийинчиликлар пандемия давридаги стресс ва уч ёшли қизини тарбиялаш билан боғлиқ», — дея ёзганди нашр.
Маск Шанахан билан муносабатларни бошлагач, қўшиқчи Граймс билан ажрашган.
Газета манбаларидан бири Брин ва Маскнинг сўнгги ойлардаги муносабатларини «таранг» деб таърифлаган. Google асосчиси молиявий маслаҳатчиларига Tesla акцияларини сотишни буюрган. 2008 йилда Брин компанияга беш юз минг доллар сармоя киритган эди.
Сергей Брин — америкалик дастурчи ва тадбиркор, у Ларри Пейж билан биргаликда Googl’га асос солган. Forbes журнали Бриннинг бойлигини 89,9 миллиард долларга баҳоламоқда.
У 2022 йилда дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида еттинчи ўринда турибди. Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск эса 219 миллиард доллар бойлик билан биринчи ўринни эгаллаган.


