Ўзбекистондаги маҳаллаларда микромарказлар ташкил қилинади ва уларга солиқ имтиёзи берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Маълум бўлишича, «Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Қарор билан жами 421 та маҳаллада юридик шахс мақомига эга саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказлари ташкил этилади.
Микромарказларни ташкил қилиш учун давлат мулки объектлари ва ер қуйидаги шартлар асосида тадбиркорларга 5 йил муддатга ижарага берилади:
- ўз маблағлари ҳисобидан объектни реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ёхуд ер участкасида бино-иншоотларни қуриш;
- микромарказда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик фаолият йўналишлари бўйича камида 10 та ёки чорвачилик йўналиши бўйича камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлаб бориш.
Бундан ташқари, микромарказлар фойдаланишга топширилган кундан 3 йил муддатга ташкил этилган микромарказлар объектлари ва улар жойлашган ер участкалари бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда тупроқ унумдорлигини ошириш ва эрозиядан муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширганлик учун солиқ имтиёзлари берилиши хабар қилинганди. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи (ижарачи)ларга пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ошириш тадбирлари учун 2022–2023 йилларда синов тариқасида рағбатлантиришнинг қуйидаги механизмлари жорий этилади:
- тупроқ унумдорлигини ошириш ва эрозиядан муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширганлик учун солиқ имтиёзлари берилади;
- ерларни тиклаш, қайта фойдаланишга киритиш ва янгидан ўзлаштириш, рекультивациялаш ва мелиорациялаш тадбирларини бажариш учун субсидиялар ажратилади ва ер солиғидан қисман озод этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон туманларидаги ЯТТларга ижтимоий солиқ тўлашда имтиёз белгиланганди. Унга мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан 31 декабрга қадар бўлган даврда умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳамда мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилиши белгиланган.
2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар туманларда (Тошкент шаҳридан ташқари) фаолият юритаётган ЯТТларга белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси БҲМнинг 50 фоизи миқдорида қўлланилади.


