Ўзбекистонда бизнес-омбудсман давлат органлари ва ҳокимликлар ўтказган текширувлар қонунийлигини ўрганади. Бу ҳақда «Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланли. Ҳужжат матни «ЎзА»да эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда ҳар йили 1 февралга қадар тасдиқланадиган режа-графиклар асосида:
- тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширувларнинг қонунийлиги ва тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси ҳолати юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятида ўрганишлар ўтказади;
- ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказади ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кўтарилган масалаларни жойида ҳал қилиш чораларини кўради;
- ваколатли органлар учун ҳудудларга чиққан ҳолда, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда текширувлар ўтказиш тартиби бўйича ўқув машғулотларини ташкил этади.
Бундан ташқари, бизнес-омбудсман ҳар йили 1 мартгача Президентга давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишининг ҳолатига доир йиллик ҳисобот топширади.
Аввалроқ Ўзбекистонда Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ваколатлари кенгайтирилаётгани хабар қилинганди. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бизнес-омбудсманга тадбиркорлар манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланаётган эди.
Шунингдек, бизнес-омбудсман БМТ ва ЕТТБ билан коррупцияга қарши ҳамкорлик қилиши хабар қилинганди.


