Ўзбекистонда бизнес-омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилади
Бизнес-вакилга айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.

Ўзбекистонда Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш институти такомиллаштирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонуни Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, қонун 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Шунингдек, қонун хусусий мулкка бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва мансабдор шахслар кўчмас мол-мулкига аралашув ҳолатларининг олдини олишга қаратилган. Президентнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бизнес-омбудсманга тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган давлат идораси мансабдорларига нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколат бериш таклифи билдирилган.
Таъкидланишича, хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ мазкур муаммоли вазиятларни бартараф этиш мақсадида қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бизнес-омбудсманга тадбиркорлар манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонун қабул қилиниши хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқбузарлик профилактикасини кучайтиришнинг институционал механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Аввалроқ Бизнес-омбудсман БМТ ва ЕТТБ билан коррупцияга қарши ҳамкорлик қилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қўшимча ваколатлар берилгани ҳақида хабар берилди.






