Ўзбекистонда Twitter, WeChat ва Вконтакте ижтимоий тармоқларидан тўсиқларсиз фойдаланиш имконияти тўлиқ тикланмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, TikTok платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилиши маълум қилинди. Ўзбекистонда шбу ижтимоий тармоққа киришга қўйилган чеклов ҳалигача мавжуд.
Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ҳам блоклаш бўйича ўз фикрларини билдирди.
«Блокировкалар ривожланишга фақат зарар келтиради», — деб ёзди у.
Шунингдек, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам ўз фикрлари билан бўлишди.
«Президентимиз сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири экани ва у изчил давом эттирилишини бир неча бор таъкидлаганлар.
Ахборот маконини ёпиб қўйиш, фикрлар плюрализмига тўсқинлик қилишга уринишлар жамиятнинг тараққиётига хизмат қилмай, аксинча, уни орқага тортиши — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат», — деб ёзади у.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ижтимоий тармоқларга 1 йилдан буён кириш чекланган эди.
Ўзбекистонда блоклаб-очилган тармоқлар ва бўшатилган амалдорлар
Аввалроқ ҳам Ўзбекистонда блоклаб-очилиш бўйича шов-шувли воқеалар содир бўлганди. 2021 йил 3 ноябрь куни Facebook, Instagram, «Одноклассники», LinkedIn, «Мой мир», ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ва YouTube видеоплатформаси фаолияти чеклаб қўйилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев воқедан хабар топганидан сўнг блокланган платформаларнинг иш фаолияти тикланди.
Шерзод Асадовнинг ёзишича, Президент «узоқни ўйламай қилинган» ҳаракатдан хабар топган.
«Ҳукумат кўрсатмасига асосан ‘Ўзкомназорат’ томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракати ҳақида Президент хабар топдилар. Уйлайманки, тез орада барча тармоқларга уланиш тикланади», деб ёзган Асадов.
Шундан сўнг Ўзбекистон Бош вазиринг қарорига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди. Рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши маълум қилинди.
Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқлар блокланишига «техник носозлик» сабаб бўлганини маълум қилиб, баёнот берди. Орадан вақт ўтиб, расмий муносабат вазирлик сайтидан ўчириб ташланди.
Баёнотда ёзилишича, «Ўзбектелеком» АК ускунасида қисқа муддатли техник носозлик юзага келиши муносабати билан кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифатининг ёмонлашиши ва узилишлар кузатилган. Ушбу тармоқлардаги узилишлар техник ускуналардаги носозликлар сабабли юзага келган.

Интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.


