Ўзбекистондаги банклар 2022 йилнинг дастлабки олти ойини 4,8 миллиард сўм сой фойда билан якунлади. Марказий банк томонидан «2022 йил I ярим йиллик якуни бўйича банкларнинг молиявий ҳолати шарҳи» тақдим этилди.
Қайд этилишича, банклар томонидан 2022 йилнинг январь-июнь ойлари давомида 47,2 триллион сўм даромадлар олиниб, 42,4 триллион сўм харажатлар амалга оширилган ва соф фойда 4,8 триллион сўмни ташкил этган. Капитал рентабеллиги (ROE) кўрсаткичи 13,2 фоиз, активлар рентабеллиги (ROA) эса 2,7 фоиз даражасида шаклланган.
Активлар ва капитал рентабеллиги кўрсаткичлари 2022 йил февраль ва март ойларида пасайиш тенденциясига эга бўлган. Бунга, ушбу ойларда кредитлар бўйича йўқотишларга қарши шакллантирилган захиралар ҳамда валюта операциялари (СВОП, хорижий валютанинг қайта баҳоланиши) бўйича харажатлар ўсганлиги сабаб бўлса, кейинги ойларда эса фоизсиз даромадларнинг кескин ўсиши ҳисобига яхшиланган.
Банк ходимларининг иш унумдорлигини баҳоловчи операцион самарадорлик кўрсаткичи халқаро амалиётда унинг мақбул даражаси 50 фоиз атрофида қабул қилинган бўлиб, ушбу кўрсаткич банк тизимида 26,3 фоизни ташкил этган.
Тизимнинг операцион харажатлари 6,1 триллион сўмни ҳамда операцион даромадлари (соф фоизли ва фоизсиз даромадлар) 23,2 триллион сўмни ташкил қилган.


