Ўзбекистондаги банклар нақд валюта ечиб олишда чекловлар жорий қиляптими?
Kommers.uz ҳолат юзасидан бир нечта банклар билан боғланди.
Ўзбекистондаги бир қатор банклар томонидан ҳисоб-рақамдан нақд валюта ечиб олишда чекловлар жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kommers.uz ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан ўрганиш олиб борди.
«Ипак йўли» банкнинг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам банк томонидан АҚШ доллари сотишда чеклов ўрнатилган. Унга кўра, валюта сотишда банкнинг турли филиалларида касса ҳолатига қараб юқори чегара белгиланган.
Бундан мақсад барча мижозларга валюта етказиш экани маълум қилинди. Чекловлар ҳисоб-рақамдан нақд валюта ечиб олиш, шунингдек, банкдан валюта сотиб олишда ҳам амал қилади.
«Агробанк» расмийлари эса банк ва унинг филиалларида валюта сотиб олиш ва ҳисоб-рақамдан валюта ечишда ҳеч қандай чекловлар йўқлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, «Капиталбанк» Kommers.uz сўровига жавобан, бундай масалаларда банкнинг электрон почтасига хат жўнатиш кераклигини, телефон орқали жавоб берилмаслигини маълум қилди.
Аввалроқ журналист Азиза Қурбонова ўзининг Telegram’даги каналида «Ипак йўли» банк томонидан «доллар ечиш»да чеклов ўрнатилгани хақида ёзди.
Унинг таъкидлашича, «Ипак йўли» банки бош офисида ҳам доллар ечишга 2 минг долларгача чеклов ўрнатилган.
«Гарчи, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 4 кун аввал ‘айрим қўшни мамлакатларда валюта чекловлар жорий қилиниши билан чегара олди ҳудудлари валютага талаб ошишига хатарни кўрмаяпмиз. Бунақа ҳолатлар учун чекловлар жорий қилишдан маъно йўқ’ дегани билан банкларда доллар дефицити кузатиляпти.
Ҳатто, ҳамма мақтайдиган ‘Ипак йўли’ банк бош офисида ҳам доллар ечишга чеклов — 2 минг долларгача қўйибди. Асос ва сабабни ҳеч ким айтиб беролмади. Айтишларича, ўтган пайшанбада банкда ҳеч қандай чеклов бўлмаган (брифинг бўлган куни — ўзимнинг фикрим)», — деб ёзади у.
Журналистнинг ёзишича, «Ипак йўли» банкининг Мирободдаги филиалида жисмоний шахслар учун 3 минг долларгача чеклов ўрнатилган.
«Шошганда филиалма филиал юриш — жуда муаммо. Пулини зарур миқдорда ечолмаётганлар шаҳар бўйлаб филиалларда учрашиб қоляпмиз шу иссиқда. Дейлик, бугун 10 минг доллар керак бўлган одам камида 3-4 та филиалга бориши зарур бўляпти. Бир йигит эса АҚШга кетиши лозим — унга 40 минг доллар керак. Менимча, тўсатдан мўъжиза юз бермаса, бу иш билан яна 3 кун юрса керак», — деб ёзган Азиза Қурбонова.
Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов айрим қўшни мамлакатларда валюта чекловлар жорий қилиниши билан чегара олди ҳудудлари валютага талаб ошиши хатари кўрилмаётганини, бунақа ҳолатлар учун чекловлар жорий қилишдан маъно йўқлигини айтганди.
Шунингдек, Марказий банк раиси Ўзбекистонга нақд чет эл валютаси олиб келишда чеклов қўйилиши хавфи ҳақиқатан ҳам мавжудлигини таъкидлади.