Ўзбекистонда Ҳукуматнинг 3 августдаги қарори билан Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Низомга кўра, Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилади.
Алимент тўловларини қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади. Алимент тўловлари қарор олинган кундан бошлаб 2 иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда амалга оширилади.
Жамғарма маблағлари алимент тўловларини қоплаб бериш учун етарли бўлмаган тақдирда, алимент тўловлари маблағлар келиб тушган кундан бошлаб қопланади. Давлат ижрочиси жамғармадан қопланган алимент тўловлари бўйича қарздордан маблағларни қайтариш бўйича ижро ҳаракатларини амалга оширади.
Шунингдек, Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари бюджетга олиб қўйилмайди ва улардан кейинги даврда фойдаланилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда Мажбурий ижро бюроси томонидан 3 минг нафардан кўпроқ қарздор изланаётгани хабар қилинган.
Қайд этилишича, бюро томонидан 3264 нафар қарздор қидириляпти. Уларнинг 2149 нафари республика ҳудудида яширинган, 1115 нафари эса чет элга чиқиб кетган.
Шу билан бирга, қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами 30 миллиард 700 миллион сўм ундирилган. Шундан 22 миллиард 800 миллион сўми алимент пуллари ҳисобланади.


