Қирғизистон Юқори Кенгаши депутати Жанар Акаев мамлакат Вазирлар Маҳкамасидан Ўш аэропорти терминалини яхшилаш ва ўзбекистонлик транзит йўловчилар учун қулайроқ шароит яратишни сўради. Бу ҳақда депутат ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзди.
Акаев ўз постида маҳаллий киракашларнинг Ўзбекистон фуқароларига муносабатини кўриб, «бош чайқаган»ини таъкидлади.
«Мен чегарадаги ‘Дўстлик’ назорат-ўтказиш пунктидаги тартибсизликлар юзасидан парламент мажлисида икки марта таклиф бериб, масалани кўтарганман. ‘Жуда муҳим масала кўтардинг, ҳурматли депутат’, деган анъанавий жавобдан бошқа ҳеч нарса ўзгармади.
Ўзбекистон фуқаролари ҳам одамлар, улар ҳаёти яхши эканидан Ўш орқали учмайди. Чипта 150 долларга арзонроқ тушади. Кам таъминланган оилалар учун бу — жуда катта пул. Бу одамлардан қўшимча пул ундириш, шунчаки, қабул қилиб бўлмайдиган нарса. Иккала давлат ҳам ўтишни мураккаблаштирадиган бўлса, Президентларимиз гапираётган халқлар дўстлигидан нима маъно?» — деб ёзган депутат.
Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир йўловчи халқаро рейслар учун 15 доллар тўлайди. Ўш аэропорти орқали ҳар ой миллионга яқин одам учади ва улардан тушган барча маблағ Қирғизистон ғазнасида қолади.

Акаев, шундан келиб чиқиб, терминални кенгайтириш, йўловчилар ва юкларни ташиш ва рўйхатдан ўтказиш учун шароитларни яхшилашни таклиф қилди.


