Ўзбекистонда Тожикистоннинг «Ориёнбанк»и ваколатхонаси очилади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Марказий банк бошқарувининг қарорига мувофиқ «Ориёнбанк» очиқ акциядорлик жамиятининг ваколатхонаси аккредитация қилинган. Маълумот ўрнида, мазкур банкнинг Тожикистонда 32 та филиали мавжуд.
Шунингдек, 180 мингдан ортиқ мижоз ҳисоблари рўйхатдан ўтказилган. «Ориёнбанк»да 1 минг 300 нафардан ортиқ ҳодим ишлайди ва банк акциядорлари сони 8 минг 947 тани ташкил этади. Бундан ташқари банкда 237 та банк хизматлари маркази мавжуд.
Аввалроқ Ўзбекистонда SAP’нинг минтақавий ваколатхонаси очилиши хабар қилинганди. Бу ҳақда SAP’нинг Марказий ва Шарқий Европа бўйича директори Том Киндерманснинг IT Park вакиллари билан учрашувида маълум қилинган.
Том Киндерманснинг таъкидлашича, SAP учун навбатдаги қадам Ўзбекистонда ташкилот фаолиятини расмийлаштириш ва юридик шахс (тадбиркорлик субъектини) ташкил этишдан иборат.


