Ўзбекистонда SAP’нинг минтақавий ваколатхонаси очилади
SAP’нинг Марказий ва Шарқий Европа бўйича директори Том Киндерманс IT Park вакиллари билан учрашди.
Ўзбекистонда дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи SAP компаниясининг минтақавий ваколатхонаси очилади. Бу ҳақда SAP’нинг Марказий ва Шарқий Европа бўйича директори Том Киндерманснинг IT Park вакиллари билан учрашувида маълум қилинди.
Том Киндерманснинг таъкидлашича, SAP учун навбатдаги қадам Ўзбекистонда ташкилот фаолиятини расмийлаштириш ва юридик шахс (тадбиркорлик субъектини) ташкил этишдан иборат.
Томонлар SAP ваколатхонаси Ўзбекистонда IT соҳасини сезиларли даражада ривожлантириши, шунингдек, йирик технологик компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириши учун туртки бўлишини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, SAP ташкилотлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи йирик компания ҳисобланади. Унинг бош қароргоҳи Вальдорфда жойлашган.
Компания 180 мамлакатда 440 мингдан ортиқ мижозларга эга, у корпоратив иловалар бозорида етакчилардан бири ҳисобланади.
SAP 2007 йилдан буён Ўзбекистонга ўз технологияларини етказиб бермоқда. Бугунги кунда компаниянинг Ўзбекистондаги мижозлари асосан савдо, молиявий, шунингдек, телекоммуникация ва қурилиш компаниялари ҳисобланади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов 18 май куни SAP компанияси вакиллари билан учрашиб, уларга Ўзбекистонда минтақавий офис очишни таклиф қилганди.