Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистонда ёшларнинг IT соҳасида ўқиши учун таълим кредитлари ажратилади

Ўзбекистонда 2022 йил 1 октябрдан бошлаб ёшларнинг нодавлат таълим ташкилотлари ўқув курсларида IT соҳасида ўқиши учун таълим кредити ажратиш йўлга қўйилади. Маблағлар Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда ёшларнинг нодавлат таълим ташкилотлари ўқув курсларида ахборот технологиялари соҳасида ўқиши учун таълим кредити ажратиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу қарор 2022 йил 1 октябрдан бошлаб кучга киради. Маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади. 

Ушбу кредит базавий ҳисоблаш миқдорининг 65 бараваригача (19,5 миллион сўм) миқдорда 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасида (15 фоиз) ажратилади.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри»га кирган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга таълим кредит учун гаров ва кафиллик талаб этилмайди.

Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилганда ресурс маблағлари ва таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасайтирилади, оширилганда эса ўзгаришсиз қолади.

Шунингдек, ҳудудларда ташкил этилган 100 та ўқув марказига Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказий банкнинг асосий ставкасида (15 фоиз) кредит ажратилади.

Қолаверса, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб «Халқ банки», «Алоқа банк» ва «Микрокредитбанк» томонидан IT-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёки иштирокчи сертификатини олган ёшларга компьютер ва бутловчи қисмларни харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган (7,5 миллион сўм) миқдорда Марказий банки асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган (22,5 фоиз) фоиз ставкаси билан истеъмол кредитлари ажратилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Astrum академиясида IT соҳаси вакиллари билан учрашгани хабар қилинганди. Президент йиғилишда соҳадаги камчиликларни санаб ўтганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда IT соҳаси бўйича иш таклифлари сўнгги 4 йилда 6 баравардан кўпроққа кўпайгани маълум қилинди.