Ўзбекистонда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолининг иш ҳақи белгиланди
Президентнинг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этишга оид қарори қабул қилинди.

Ўзбекистонда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолининг иш ҳақи белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Қарор билан Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилди.
Қарорга кўра, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари лавозимларига номзодлар очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади. Ушбу лавозимга оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тажрибасига эга, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли номзодлар тайинланади.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 майдан маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:
- хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари (2 миллион 877 минг сўм) миқдорида;
- хонадонлар сони 501 тадан 1000 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари (3 миллион 288 минг сўм) миқдорида;
- хонадонлар сони 1000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари (3 миллион 699 минг сўм) миқдорида.
Шунингдек, 2022 йил 1 августгача маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари «Аёллар дафтари»ни юритиш, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видеоконференц-алоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи планшетлар билан таъминланади.
Бундан ташқари, қарор билан Бош прокуратура тузилмасида Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда магистратурада ўқиётган қизларнинг контракти тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда маҳалла ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилгани ҳақида хабар берилди.






