Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ишга олганларга субсидия берилади
Ëшлар ва хотин-қизлар учун касб-ҳунар ва тадбиркорлик бўйича ўқув курслари харажатининг 70 фоизи, лекин 1 миллион сўмдан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади.
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ишга олганларга субсидия берилади. «Хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, ёшлар ва хотин-қизлар учун касб-ҳунар ва тадбиркорлик бўйича ўқув курслари харажатининг 70 фоизи, лекин 1 миллион сўмдан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади.
«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган ёшлар ва хотин-қизлар касб-ҳунарга, тадбиркорликка Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида тўлиқ бепул ўқитилади.
Ўқув курсларини якунлаган ишсиз хотин-қизлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилади.
Тадбиркорлик йўналиши бўйича ўқув курсларини якунлаган хотин-қизларга тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишидан бошлаб, ўз фаолиятини мустақил олиб боришига қадар бўлган жараёнда ҳоким ёрдамчилари томонидан тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатиб борилади.
Меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм)дан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларга субсидия ажратилиши ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, ногиронлиги бор шахсларнинг репетитор харажатлари қоплаб берилиши маълум қилинди.