Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Президентнинг тадбиркорлар учун муҳим қарори қабул қилинди

Қарор билан айрим тадбиркорларга қарздорлик ва жарима қўлланилмайди. Шунингдек, бир қатор экспортчи корхоналарга 5 миллион АҚШ долларгача молиявий ресурслар ажратилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegramʼдаги «Нигоҳ» канали хабар берди.

Унга кўра, хужжат билан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди;
  • экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарларни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади;
  • қовун, канакунжут, хантал ва махсар уруғлари экспортига рухсат берилади.

Таъкидланишича, экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, «Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури амалга оширилади.

Шунингдек, дастурга киритилган экспортчи корхоналар:

  • экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширганда ноль даражали ҚҚС ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган қисми уларнинг мурожаатига асосан тезлаштирилган тартибда 7 кун ичида тўлиқ қайтариб берилиши;
  • айланма маблағларини тўлдириш учун кредит олишида тижорат банкларига экспорт шартномаларини гаров таъминоти сифатида қабул қилиш тавсия этилиши;
  • экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 1 миллион АҚШ доллардан 5 миллион АҚШ долларгача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилиши;
  • битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ доллардан кўп бўлмаган миқдорда молиявий ёрдам тақдим этилиши;
  • бизнес жараёнлар, экспорт ҳажмини ошириш ва маркетинг тадқиқотларини амалга ошириши учун хорижий маслаҳатчилар жалб қилиниши белгилаб қўйилди.