Uzbekistan Airways Россия шаҳарларига парвозлар сонини оширади
Uzbekistan Airways Тошкент—Омск—Тошкент йўналиши бўйича 26 мартдан ҳафтасига бир марта, Тошкент—Нижний Новгород—Тошкент йўналиши бўйича 28 мартдан ҳафтасига икки марта мунтазам парвозларни амалга оширади
Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2023 йил баҳор-ёз навигациясидан бошлаб Тошкентдан Россиянинг иккита шаҳрига янги йўналиш бўйича авиақатновлар сонини оширади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, авиакомпания Тошкент—Омск—Тошкент йўналиши бўйича 26 мартдан ҳафтасига бир марта — якшанба кунлари, шунингдек, Тошкент—Нижний Новгород—Тошкент йўналиши бўйича 28 мартдан ҳафтасига икки марта — сешанба ва шанба кунлари мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди.
Шунингдек, авиакомпаниянинг «Шарқий» хабни ривожлантириш лойиҳаси доирасида авиақатновлар сони Намангандан ҳам кўпайтирилмоқда. Шу йилнинг 27 мартидан бошлаб Наманган—Оренбург—Наманган йўналиши бўйича ҳам парвозлар тикланади. Мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳафтада бир марта — душанба кунлари амалга оширилади. 31 мартдан бошлаб эса Uzbekistan Airways ҳафтада бир марта — жума кунлари Наманган—Нижневартовск—Наманган йўналиши бўйича янги йўналишни йўлга қўяди.
«Тошкентдан, Намангандан парвоз қилувчи юқорида санаб ўтилган барча авиақатновлар авиакомпаниянинг кам бюджетли йўловчи авиаташувчиси ҳисобланган — Uzbekistan Airways Express бренди остида амалга оширилади», дейилади компания ахборотида.
Аввалроқ Uzbekistan Airways 2023 йил 28 мартдан бошлаб Тошкент—Милан—Тошкент ва 31 мартдан Тошкент—Париж—Тошкент йўналишида авиақатновларни амалга оширишни бошлаши ҳақида хабар берилганди. Парвозлар ҳафтада икки марта — сешанба ва жума кунлари амалга оширилиши белгиланган.