Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Тошкентда кўп қаватли уйларга инвестицияларнинг даромадлилиги пасаймоқда

Кўрсаткич ўтган ойда 2024 йилнинг февраль ойидаги ўртача 32,4 фоиздан 7,6 фоизгача секинлашди. Уй-жойлар нархи ўзгаришидан ҳам, уларни ижарага беришдан ҳам олинадиган даромадлар пасайган.

Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги тушиб бормоқда. Бу ҳақда ҳукумат ҳузуридаги Makroиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлилида келтирилган.

Хусусан, 2025 йилнинг январь ойида пойтахтда кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги 2024 йилнинг февраль ойидаги ўртача 32,4 фоиздан 7,6 фоизгача секинлашган.

Бу даврда кўрсаткич уйларнинг жойлашган ҳудуди ва хоналари сонидан келиб чиқиб, бир-биридан сезиларли даражада фарқланди. Масалан, 1 хонали уйларнинг инвестицион даромадлилиги Мирободда -1,7 фоиз (2024 йил февраль — 53 фоиз) ни, Бектемирда 54,3 фоизни (46,8 фоиз) ташкил этган.

2 хонали уйлар бўйича инвестицион даромадлилик Учтепада 2,6 фоиз (27 фоиз) га, Яккасаройда 15,1 фоиз (24,2 фоиз) га етган. Шунингдек, 3 хонали хонадонлар учун кўрсаткич Бектемирда -5,5 фоиз (33,7 фоиз), Яккасаройда — 10,4 фоиз (22,8 фоиз) ҳамда 4 хонали уйлар учун Бектемирда -7,3 фоиз (37,9 фоиз), Чилонзорда 16,5 фоизни (19,8 фоиз) қайд этган.

2024 йил февраль ойида уй-жой ва ижара нархларининг нисбатан кўтарилиши (тушиши) ҳисобига олиниши мумкин бўлган фойда Яккасарой, Бектемир ва Чилонзор туманларида мос равишда ўртача 16,1 фоиз, 26,9 фоиз ва 15,4 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январь ойида бу 3 фоиз, 2,8фоиз ва 0,3 фоизгача пасайди.

Шунингдек, Тошкентда уй-жойлар нархининг ўсишдан деярли тўхташи ва бироз арзонлашиши натижасида ўтган ойда уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад Шайхонтоҳур (35,8 фоиздан —0,8 фоизга) ва Юнусобод (30,4 фоиздан -3,4 фоизга)да сезиларли даражада пасайди.

Январь ойида уйлар ижарасидан олинадиган йиллик ўртача даромад Мирободда 10 фоизни (ўтган йилнинг февралида — 10,4 фоиз), Мирзо Улуғбекда — 9,9 фоиз (10,6 фоиз), Шайхонтоҳурда 9,8 фоиз (11,6 фоиз) ни ташкил этди. Бу кўрсаткич ижара нархлари нисбатан арзонроқ туманлар — Олмазорда 8,9 фоиз (9,4 фоиз), Учтепада 8,9 фоиз (8,6 фоиз) ва Сергелида 8,9 фоиз (8,4 фоиз) бўлган.

Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқори ҳисобланган 1 ва 2 хонали хонадонлардан даромад олиш имкониятлари ҳам тушиб бормоқда. 2024 йилнинг февраль ойида бундай уйларга йўналтирилган инвестицияларнинг даромадлилиги мос равишда 35,6 фоиз ва 30,8 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган ойда бу 14,3 фоиз ва 7,5 фоизгача пасайди.

Мазкур даврда 3 ва 4 хонали хонадонлар учун ҳам кўрсаткич сезиларли даражада тушди — мос равишда 5,5 фоиз ва 2,9 фоиз (2024 йил февралида 33 фоиз ва 30,3 фоиз).

МҲТИ таҳлилида 2024 йилнинг ярмидан бошлаб уй-жойга инвестициялар даромадлилиги жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлардан олинадиган ўртача даромадлиликдан паст даражада шаклланиб келаётгани қайд этилган. 2023−2024 йилларда чет эл валютасидаги банк депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 5 фоиз атрофида шаклланган бўлса, миллий валютадаги депозитлар бўйича ставкалар 21−22 фоиз атрофида ўзгариб турган.