Солиқ қўмитаси хабарига кўра, 2025 йилги солиқларнинг 10,9 трлн сўмини 20 та корхона тўлаган. Уларнинг товар айланмаси 108,2 трлн сўм, фойдаланган солиқ имтиёзлари 2 трлн сўмдан ошган. Корхоналарнинг ярмидан кўп давлатга қарашли ҳисобланади. Мазкур рўйхатга мамлакатдаги энг йирик қимматбаҳо металлар қазиб олувчилар — Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари киритилмаган.
ТОП 20 таликка кирган корхоналардан энг кўп тушумлар қўшилган қиймат солиғидан келган — 3,6 трлн сўм. Шу билан бирга, акциз (2,6 трлн сўм), фойда (1,4 трлн сўм) ва ер қаъридан фойдаланганлик учун (1,3 трлн сўм) солиқлар тушумлари улуши юқори бўлган.
Ишлаб чиқарувчи корхоналар орасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ энг кўп солиқ тўлаган — 2,15 трлн сўм. Бу миқдор компаниянинг ўтган йил мос давридаги тўловидан кам (2,3 трлн сўм).
Кейинги ўринларда «Узбат» АЖ (1,56 трлн сўм), «Талимаржон ИЭС» АЖ (1,3 трлн сўм), UzAuto Motors АЖ (983,9 млрд сўм) қайд этилган. Ўз навбатида «Шўртан газ-кимё мажмуаси» МЧЖ (571,4 млрд сўм) бешинчи ўринни эгаллаган. Рўйхатдаги қолган 15 та корхонадан ундирилган солиқлар миқдори 562,1 млрд сўмдан 142,6 млрд сўмгача пасайиб борган.
2025 йил 1 август ҳолатига кўпа, Ўзбекистонда солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори ишлаб чиқариш корхоналари сони 998 тани ташкил этган. Уларнинг жами қарздорлиги 1,1 триллион сўм бўлган.
Аввалроқ мамлакатда 4 млн нафардан ортиқ одам давлатга солиқ тўламасдан, норасмий ишлаётгани маълум қилинган.


