Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари яна рекордни янгилаб қарийб 55 млрд долларга етди
Олтин-валюта захиралари кетма-кет иккинчи ой мутлақ рекордни янгилади — августда уларнинг ҳажми биринчи марта 50 млрд доллардан ошганди.

Сентябрь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми янги тарихий рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.
1 октябрь ҳолатига кўра, регулятор захираларидаги активларнинг умумий қиймати $54,99 млрдни ташкил этди — бу ўтган ойга нисбатан $4,9 млрдга ёки 9,8% га кўп. Олтин-валюта захиралари кетма-кет иккинчи ой мутлақ рекордни янгилади — августда уларнинг ҳажми биринчи марта $50 млрддан ошганди.
Марказий банк захираларидаги олтин нархи бир ойда $4,17 млрдга ошиб, биринчи марта $44,23 млрддан ортиқни ташкил этди, қиймат жиҳатидан кетма-кет учинчи ой рекорд янгиланди. Бу олтиннинг физик ҳажми 11,8 млн троя унциядан 11,6 млн троя унциягача камайганига қарамай, қимматбаҳо металл нархининг сезиларли даражада ошиши ҳисобига кузатилди.
Ўзбекистоннинг валюта захиралари сезиларли даражада ошди — $735,7 млн. Уларнинг ҳажми октабр ойи бошида $10,18 млрддан ортиқни ташкил этди. Бошқа мамлакатларнинг марказий банклари ва Халқаро валюта жамғармасидаги ҳисоб рақамларидаги валюта захиралари миқдори $873,7 млн ҳамда хорижий тижорат банкларида $8,28 млрд бўлган.
Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати $3,5 млнга ошиб, қарийб $1,02 млрдга етди. Мамлакат олтин-валюта захираларида акция ва облигацияларнинг улуши атиги 1,85% ни ташкил этади.




