Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга ижтимоий ҳимоя доирасида тақдим этиладиган бола пулларини тўлаш тартиби ўзгартирилди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш билан боғлиқ қуйидаги асосий ўзгартиришлар киритилди:
- Амалда бўлган кам таъминланган оилаларга 14 ёшгача болалари учун нафақа ва 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилди;
- болалар ёши меъёри 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди;
- тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилди.
Шунингдек, нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланиши жорий этилди. Бунда:
- 3 ёшгача битта фарзанди учун — 325 минг сўм;
- 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 250 минг сўм;
- иккинчи фарзанди учун қўшимча — 150 минг сўм;
- учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча — 100 минг сўм этиб белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши ҳақида хабар қилинганди.


