Ўзбекистонга 11 ойда хориждан қанча пул ўтказилгани маълум бўлди
Пул ўтказмалари ҳажми 2020 йилга нисбатан 35 фоизга ошган.
Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори 7,3 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириши тўғрисидаги йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, республикага кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 11 ойда 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 7,3 миллиард долларга етган ва аҳолининг истеъмол талабини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлиб ҳисобланмоқда.
Хабар қилинишича, банклараро пул бозоридаги вазият нисбатан қатъий пул-кредит шароитларига мос тарзда шаклланмоқда. Бунда, қисқа муддатли ресурслар сегментида ўртача фоиз ставкалар ноябрь ойи якунлари бўйича 13 фоизни ташкил этиб, инфляцияга нисбатан 2,4 фоизлик реал ижобий даражада бўлган.
Бундан ташқари, банкларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари октябрь ойида бироз пасаювчи динамика ҳосил қилган. Жумладан, жисмоний шахслар учун 19,6 фоиз, юридик шахслар учун 15,1 фоиз даражасида шаклланиб, мос равишда 8,1 фоиз ва 4,1 фоизлик реал ижобий ставкалар қайд этилган.
Шунингдек, ушбу кўрсаткичлар, ўз навбатида, январь-ноябрь ойларида миллий валютадаги жами муддатли депозитлар ҳажмининг 42 фоизга, шундан, аҳоли депозитлари ҳажмининг 63,3 фоизга ўсишига хизмат қилган.
Аввалроқ Ўзбекистонликларнинг пул жамғармалари қанча муддатга етиши аниқлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Марказий банк меҳнат мигрантлари молиявий саводхонлигини ошириш лойиҳасини ишга туширгани ҳақида хабар берилди.