Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Технология

Шавкат Мирзиёев Мирзо-Улуғбек туманидаги IT-парк қурилиши билан танишди

Президент мажмуа шароитларини кенгайтириб, замонавий IT-хабга айлантириш кераклиги таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари замонавий мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган. Бу галги ташрифда бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, мажмуада 20–25 қаватли 6 та офис биноси қад кўтарган. Конференция зали қурилиши якуний босқичга кирган. Шунингдек, бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади. Улар 9 баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, технологик паркда IT-ташкилотлар, университет, конференция зали, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради. Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади.

«Ҳозирги замонда хизматларнинг катта қисми ахборот технологиялари орқали кўрсатилаяпти. Бошқа соҳаларнинг ҳам самарадорлиги шунга боғлиқ. Шунинг учун бу ердаги шароитларни кенгайтириб, замонавий IT-хабга айлантириш керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги қуйи ташкилотларни шу ерга кўчириб, банк ва IT-компанияларни жалб этиб, технопаркни яхлит комплекс тарзида ривожлантириш, соҳа вакиллари учун қулай муҳит яратиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, Президент шу ерда IT соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ва тадбиркорлар билан суҳбатлашган. Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалар раислари ҳамда туман ҳокимининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари билан мулоқот қилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Самарқандда амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишгани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» массивлари лойиҳалари билан танишгани ҳақида хабар берилди.