Асосий мазмунга ўтиш
9 август · Якшанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Кино тавсия: Gucci, McDonald’s каби дунёга машҳур брендларнинг тарихи ҳақида 5 та фильм

Топ компаниялар ҳам чекланган бюджет ва кичик хоналардан бошланган.

Фото: «bgr.com»

Дам олиш куни ёки бўш вақт бўлганда фильм томоша қилиш ва маданий ҳордиқ чиқариш асабларни тинчлантиради, кайфият улашади. Шу сабабли, қуйида дунёга машҳур бренд ва компанияларнинг пайдо бўлиш тарихи мавзусида, мотивацион характерга эга 5 та фильм ҳақида сўз боради.

«Gucci’лар уйи» (House of Gucci) 2021 йил

«Gucci фамилияси жуда ёқимли, жуда жозибали эшитилади. Ҳашамат, стиль, куч билан синоним». Фильмга ишланган трейлер айнан ушбу сўзлар билан бошланади.

Фото: House of Gucci

Gucci — бу мустаҳкам халқаро бренд: уни бутун дунёни ларзага келтирган Маурицио Гуччининг ўлдирилиши (рафиқаси Патриция буюртмаси билан), Gucci оиласининг бизнесдан кетиши ва мода уйининг бегоналар қўлига ўтиши ҳам синдира олмади.

Бюджети 75 миллион долларни ташкил қилган фильм режиссёр Ридли Скотт томонидан суратга олинган. Айтганча, фильм ўз харажатларини тўлиқ қоплаб, қарийб 40 миллион доллар даромад ҳам қилган. 2021 йилнинг ноябрь ойида катта экранларда намойиш қилинган фильмда Леди Гага, Аль Пачино каби машҳур дунё юлдузлари бош ролларни ижро қилган.

«Асосчи» (The Founder) 2016 йил

Биография жанридаги навбатдаги фильм америкалик тадбиркор Рей Крок ҳақида. Фильмда дунёдаги энг машҳур тез овқатланиш тармоғи — McDonald’s ортидаги одам Рей Крокнинг ҳаёти ҳикоя қилинади.

Фото: The Founder

2016 йил ноябрь ойида премьера қилинган фильм ўз харажатларини қоплай олмайди: 25 миллион долларнинг 24 миллион доллари йиғилади.

«Ижтимоий тармоқ» (The Social Network) 2010 йил

Фильмда интернетдаги энг оммабоп ижтимоий тармоқлардан бири — Facebook’нинг яратилиши ҳақида ҳикоя қилинади. Тармоқнинг муваффақияти 2004 йилда унга асос солган ва бир неча йил ичида Қўшма Штатлардаги энг ёш мультимиллионерга айланган Гарвард университети талабаларининг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади.

Фото: The Social Network

Бюджети 50 миллион долларни ташкил қилган ушбу фильм нафақат харажатларни тўлиқ қоплаган, балки яна 176 миллион доллар даромад ҳам қилган.

«Жой» (Joy) 2015 йил

Америкалик Жой Мангано Facebook ёки Gucci каби дунёга машҳур бренд асосчиси эмас. У дунё бўйлаб кенг қўлланувчи сиқиладиган швабра, яъни полтаёқни ихтиро қилган.

Фото: Joy

Биография жанрида суратга олинган ушбу фильм харажатларини тўлиқ қоплаб, 41 миллион доллар даромад ҳам қилган.

«Ака-ука дуэли. Adidas ва Puma тарихи» (Duell der Brüder — Die Geschichte von Adidas und Puma) 2016 йил

Фильмда Adidas ва Puma’дек дунёга машҳур бренднинг тарихи ҳақида сўз боради. 1920-йилларда дастлаб, бизнесни бирга бошлаган ака-ука Адольф ва Рудольф Дасслерлар Иккинчи жаҳон урушидан сўнг йўлни бир-бирига рақобатчи сифатида давом эттиришга мажбур бўлади.

Фото: Duell der Brüder — Die Geschichte von Adidas und Puma

Аввалроқ пул, иқтисод ва молиявий инқироз ҳақида 5 та фильм тавсия қилинганди.