Кино тавсия: пул, иқтисод ва молиявий инқироз ҳақида 5 та фильм
2008 йилги жаҳон молиявий инқирози пул мавзуси доирасида кўплаб томошабоп фильмлар суратга олинишига сабаб бўлди.

Дам олиш куни ёки бўш вақт бўлганда фильм томоша қилиш ва маданий ҳордиқ чиқариш асабларни тинчлантиради, кайфият улашади. Шу сабабли, қуйида пул, иқтисод ва молиявий инқироз мавзусига оид 5 та фильм ҳақида сўз боради.
«Катта етишмовчилик» («The Big Short») 2015 йил
Кўпчилик 2008 йилги молиявий инқироз ҳақида эшитган бўлса керак. Адам Маккейнинг «The Big Short» фильми ушбу инқирозни башорат қила олган ва ундан фойдаланишга қодир бўлган бир неча киши ҳақида ҳикоя қилади.

Бир неча молиявий таҳлилчилар ва хедж-фонд ходимлари (Кристиан Бейл, Стив Кэрелл, Райан Гослинг и Брэд Питт) инқирозга олиб келган Америка ипотека бозори қулашидан бир неча йил олдин уни башорат қилади ва ўз активларини ҳимоя қилиш бўйича операцияларни ўтказишни бошлайди. Натижада, ҳамма инқирозга учраётган бир пайтда улар жуда кўп пул топади.
«Уолл-стрит. Пул ҳеч қачон ухламайди» («Wall Street: Money Never Sleeps) 2010 йил
2008 йилги молиявий инқироз мавзуси доирасида олинган яна бир фильм. Ушбу драматик триллер машҳур режиссёр Оливер Стоун томонидан олинган. Фильмда асосий ролларни Майкл Дуглас ва Шайа Лабаф ўйнайди.
Собиқ корпоратив босқинчи Гордон Гекко аҳлоқ тузатиш колониясида муддатни ўтаб, молиявий инқироз олдидан бутунлай янги дунёга чиқади. Гекко усуллари, аллақачон, эскирган ва обрўси ёмонлашган «динозавр» эди. Аммо ёш трейдер Жейкоб Мур шериклик учун айнан Геккони танлайди.

Ўзаро келишувга кўра, Мур Геккога қизи билан муносабатларни тиклашда ёрдам бериши керак бўлади. Гекко учун бу муаммо эди. Чунки қизи уни ўз акасини ўлдирган қотил деб ҳисоблар, шунингдек ота ва қиз қарийб 11 йилдан бери алоқа қилмас эди.
Бунинг эвазига «қари тулки» ёш трейдерга Уалл Стритнинг молиявий зинапоясидан юқорига кўтарилишга ёрдам беради. Келишув қанчалик амалга ошади деган саволга ўзингиз жавоб топганингиз маъқул.
«Хавф чегараси» («Margin Call») 2011
Сюжети 2008 йилдаги молиявий инқироз билан бевосита боғлиқ бўлган яна бир фильм. «Хавф чегараси» — америкалик режиссёр Жей Си Чендорнинг Оскар номинацияси ва 61-Берлин кинофестивалининг бош мукофоти билан тақдирланган фильми. Фильмнинг асл номи «Margin Call» — инвестор ҳисобидаги қолдиқ минимал мақбул даражадан пастга тушган вазиятни акс эттирувчи молиявий атама.

2008 йил сентябрь. Жаҳон молиявий инқирози, аллақачон, бошланган, аммо Америка ҳали қандай фалокат кутаётганини билмайди ва фақат Уолл-стритдаги бир гуруҳ топ-менежерлар нажот рецептини қидирмоқда. Бу уларнинг ҳаётидаги энг даҳшатли соатлар эди.
«Ҳаммасини ўзгартирган одам» («Moneyball») 2011
Реал воқеаларга асосланган Беннетт Миллер режиссёрлигидаги спорт драмаси «Окленд Атлетикс» бейсбол жамоаси менежери Билли Бин ҳақида ҳикоя қилади. 2001 йилда «Окленд Атлетикс» плей-оффда «Нью-Йорк Янкиз»га ютқазди ва асосий ўйинчиларни йўқотди.

Энди молиявий имкониятлар чекланган жамоа бош директори Билли Бин (Бред Питт) клубни жонлантириш йўлларини излаши ва кейинги мавсум учун яхши жамоа тўплаши керак.
Шундай бир аҳволда Бин Йель университетини битирган ёш иқтисодчи билан учрашиб қолади. Ушбу учрашув бейсбол тренерига барчасини бошидан бошлашга имкон беради.
«Эркаклар даврасида» («The Company Men») 2010
Фильм қаҳрамони Бобби Уокер (Бен Аффлек) нуфузли корпорацияда ишлайди, катта маош олади ва фаровон ҳаёт кечиради. Лекин молиявий инқироз шароитида у кўчада қолади ва иш қидиришга мажбур бўлади.

Шунда Бобби қайни акасининг қурилиш бригадасида ёрдамчи бўлиб ишлашга рози бўлади. Аёли эрининг ишлари юришмаётганига муаммосиз муносабатда бўлди, чунки у энди оилага кўпроқ эътибор бера бошлади. Фильмни томоша қилинг ва қимматбаҳо уйда фаровон яшаган Боббининг ҳаёти бирдан ўзгариб қандай давом этганини ўзингиз кўринг.






