Ўзбекистондаги 15 та йирик корхона фонд биржаси орқали сотилади
«Йўл харитаси» лойиҳасида қайси йирик компаниялар хусусийлаштирилиши бўйича аниқ рўйхат келтирилмаган.
Ўзбекистонда 2022-2023 йилларда 15 та йирик давлат корхонаси фонд биржаси орқали хусусийлаштирилади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, 2022-2023 йилларда давлат тасарруфидаги 15 та йирик корхона акцияларини фонд биржасида бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш орқали хусусийлаштириш бўйича алоҳида «йўл харита»лари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Молия вазири ўринбосари Одил Исоқов Bugun.uz’га 2022 йил давомида «Олмалиқ КМК», «Ўзбекистон металлургия комбинати», «UzАuto Motors», «Ўзмиллий банк» ва «Ўзбекнефтгаз» АЖлар, 2023 йилда эса «Навоий КМК», «Uzbekistan Airways» АЖлар, «Агробанк» АТБ ва «Микрокредитбанк» АТБ каби корхоналар ва банклар ўз акцияларини республика фонд биржаси орқали жойлаштириши кутилаётганини маълум қилганди.
Корхоналар аудитдан ўтказилади ва хусусийлаштириш жараёнларига халқаро экспертлар жалб қилинади. Акциялаини маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида оммавий жойлаштириш назарда тутилган.
Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинади. «Йўл харитаси» лойиҳасида қайси йирик компаниялар хусусийлаштирилиши бўйича аниқ рўйхат келтирилмаган.