Маҳорат ва истеъдод: Ўзбекистонда олий маълумотсиз бўла туриб қандай иш топиш мумкин?
HeadHunter ва Kommers.uz дипломга эга бўлмасдан қандай қилиб иш топиш мумкинлиги ҳақида маълумот тақдим этади.

Иш берувчилар орасида катта талабга эга бўлган ходим ҳам олий маълумот олиш жараёнида эга бўлган назарий кўникмаларни, ҳам иш жараёнида эгаллаган амалий кўникмаларни ўзида мужассам этган ходимдир. Бироқ, сўнгги пайтларда иш берувчилар талабгорнинг фақат билим ва кўникмасига эмас, балки унинг маҳорати ва истеъдодига кўпроқ эътибор бера бошлади.
«HeadHunter Ўзбекистон» таҳлилчиларининг фикрича, олий маълумот талаб қиладиган бўш иш ўринлари улуши йилдан йилга камайиб бормоқда: агар 2019 йилда улар 38 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бундай вакансиялар улуши 31 фоизга тушган.
Қуйидаги касбий соҳалар ўз вакансияларида олий маълумотга борган сари камроқ талаб қўймоқда:
- Ахборот технологиялари;
- Маркетинг, реклама, PR;
- Санъат, кўнгилочар соҳа, оммавий ахборот воситалари.
Дипломи йўқ талабгорлар дуч келадиган асосий муаммо шундаки, иш берувчи бундай резюмени кўриб чиқмаслиги мумкин. Иш тажрибасига эга бўлса ҳам, иш берувчи бундай номзодни четлаб ўтиши мумкин, чунки дипломнинг йўқлиги компания сиёсатига зиддир. Бундан ташқари, иш берувчи бир хил тажрибага эга бўлган иккита номзод ўртасида танловга эга бўлса, олий маълумотли номзодга устунлик берилиши мумкин.
Бироқ, тиббиёт ва фармацевтика, фан ва таълим, саноат ва ишлаб чиқаришдаги муҳандислик-техника мутахассисликлари каби соҳалар ҳақида гап кетганда, бундай хатти-ҳаракатларнинг ўринли эканига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Бу соҳаларда олий маълумотга эга бўлиш муҳим мезон саналади.
Меҳнат бозорида шундай иккита катта тоифа мавжуд бўлиб, уларда олий маълумот ҳақидаги диплом жуда кам талаб қилинади — булар ишчи мутахассисликлар ва ижодий касблардир.
Ишчи мутахассисликлар
Буларга юк кўтарувчи, бўёқчи, машинист, механик, монтажчи, чилангар, ҳунарманд каби касблар киради. Бундай вакансия учун яхши мутахассисни топиш топ-менежерни топишдан кўра қийинроқ бўлиши мумкин. Ҳозирда бу соҳада кадрлар етишмаслиги кескин сезилмоқда. Бўш иш ўринлари сони 2021 йилга нисбатан 57 фоизга ошди. Дипломсиз иш изловчилар бу йўналишда иш топиш учун катта имкониятга эга.
Ижодий касблар
Ижод чегара билмайди ва ҳамма учун очиқдир. Бу соғада таълим иккинчи ўринда қолади ҳамда истеъдод ва қобилият биринчи ўринда туради. Ижодий мутахассисликлар вакилларига қуйидагилар киради: дизайнер, рассом, фотограф, ёзувчи, сценарий муаллифи, журналист, мусиқачи ва бошқалар.
Ижодий касблар доимо мавжуд ва ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди. Вақт ўтиши билан улар ўзгаришга учраши мумкин, масалан, дизайнер моушн-дизайнерга айланади, лекин моҳият ўзгармайди. Уларни роботлаштириш ёки соддалаштириш иш бермайди, чунки ижодий жараённи кодда ёзиб бўлмайди.
Олий маълумотга эга бўлмаганлар учун маслаҳатлар
Мустақил ривожланиш
Университет таълимидан ташқари назарий билимларни олишнинг бошқа кўплаб вариантлари мавжуд. Интернетда кўплаб турли курслар, маърузалар ва вебинарлар бор. Масалан, уйдан чиқмасдан СММ оператори касбини ўрганиш ва яхшигина даромад манбасини топиш осон.
Қўшимча билимларни эса келажакда ишлашни режалаштирган соҳада олиш мумкин. Шунингдек, бу йўл билан карьера қуришда фойдали бўладиган кўплаб билимларга эга бўлиш мумкин.
Волонтёрлик (талабалар ва янги иш бошлаганлар учун вариант)
Волонтёрлик — бўлажак мутахассис учун ажойиб бошланишдир. Бу ҳар доим ҳам қариялар уйларида ёки ҳайвонлар бошпаналарида ишлашни англатмайди, балки PR ва маркетинг хизматлари, дастурлаш ёки суратга олиш кабилардан иборат бўлиши мумкин. Ушбу синфларнинг ҳар бири муҳим қаттиқ ва юмшоқ кўникмаларни (hard / soft skills) ривожлантиришга имкон беради.
Иш жараёнида тажриба орттириш
Нафақат университетда, балки иш жойида ҳам билим олиш мумкин. Иш жараёнида олинган барча билимларни албатта резюмеда кўрсатиш керак. Шунингдек, олдинги иш жойида олинган аниқ натижалар ва ютуқларни кўрсатиш янги иш топишда янада яхши натижага эришишни таъминлайди.
HeadHunter (hh.uz) Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларидаги етакчи онлайн иш қидириш ва ходимларни ишга ёллаш платформаси ҳисобланади.
Аввалроқ ўзбекистонликлар иш танловида энг кўп эътибор қаратадиган жиҳатлар хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда энг кўп маош таклиф қилинаётган бўш иш ўринлари ҳақида хабар берилди.





