
Хитойнинг энг бадавлат одами — TikTok асосчиси қандай қилиб муваффақиятга эришди?
Чжан Имин — 15 сониялик роликларни глобал маданият инқилобига айлантирган даҳo — у ижтимоий тармоқларда фаол эмас, қизил йўлакларда суратга тушмайди ва ҳатто ByteDance компанияси раҳбарлигидан ҳам воз кечган.

Имин бутун дунёда инсонларни рақсга тушишга мажбур қилган иловани яратди, лекин ўзи сояда қолишни афзал кўради. Уни «Хитойнинг энг сирли миллиардерларидан бири» деб аташади. Forbes баҳосига кўра 57 миллиард доллар бойликка эга бу инсон Пекинда оддий квартирада яшайди, ҳамкасблари билан ички мессенжер орқали мулоқот қилади ва медитация билан шуғулланади.
Чжан Имин 1983 йил 1 апрель куни Хитойнинг жанубий-шарқида жойлашган Фуцзянь вилоятидаги Луньян шаҳрида туғилган ва ота-онасининг ягона фарзанди бўлган. Унинг онаси эҳтимол, ҳамшира бўлиб ишлаган, отаси эса турли манбаларга кўра ё кутубхоначи бўлган, ёки электрон ускуналар ишлаб чиқарувчи заводни бошқарган.
Қаҳрамонимизнинг оиласи ҳақида жуда кам маълумот бор, лекин айнан отасининг иши туфайли Имин эрта илғор технологиялар ва электроника билан танишгани ва тадбиркорликка қизиқиши пайдо бўлгани айтилади.
Катта аҳамиятга эга бўлган яна бир омил — ота-онасининг анъанавий авторитар тарбия услубига амал қилмагани, балки ўғлига унинг қизиқишлари ва ташаббусларида эркинлик бергани бўлган.
Чжан Имин исми эса қадимги хитой мақолига ишора қилади — у паст табақадан чиққан инсоннинг кутилмаганда катта муваффақиятга эришганини англатади. Бу иборани «биринчи уринишда ҳаммани ҳайратга солиш» деб таржима қилиш мумкин. Ва Чжан ростдан ҳам ҳаммани ҳайратга солди — гарчи бу биринчи уриниш бўлмаса ҳам.
Ёшлигиданоқ у китоб ўқишга жуда қизиққан. Қўлига тушган барча оддий романлар, фантастика асарлари ва афсоналар тўпламларини ютиб юборган. Иминнинг фикрича, баъзи инсонлар фақат фантазия деб қарайдиган ғоялар, аслида, имкониятдир — чунки кўп фантазиялар охир-оқибат реалликка айланади.
Мактаб даврида кимё, математика ва биология фанларига қизиққан Имин шундай хулосага келган: инсон ўқиши керак бўлган икки хил китоб бор — ўқув қўлланмалар ва биографиялар. Биринчилари биз атрофдаги дунёда, тирик организмлар, экотизимлар ва ҳатто иқтисодий тизимлар ҳамда корхоналар қандай ишлашини тушунишга ёрдам беради. Иккинчилари эса инсонга ўз касбий йўлини топишда кўмаклашади.
Айнан биографиялар туфайли Имин тушунганки, муваффақиятга эришган кўп инсонлар бунга аста-секин, доимий равишда билимларини чуқурлаштириб бориб, етиб келган.
Китоблардан ташқари, Чжан журнал ва газеталар ҳам ўқир эди — дунё тартибини яхшироқ тушуниш учун. Унинг айтишича, юқори синфларда ҳафтасига 20-30 тагача газета ўқиган, улардаги ҳеч бир сўзни ўтказиб юбормаган.
Мактабни тугатгач, у Тяньцзиндаги Нанкай университетининг биология факультетига киришга қарор қилди. Бу танлов, биринчидан, Иминнинг биологияга бўлган қизиқиши, иккинчидан, ўша пайтларда айнан биология 21 асрдаги энг илғор фан бўлиши кутилгани билан боғлиқ эди.
Бироқ, бу соҳада ўта юқори рақобат туфайли, Имин микроэлектроника йўналишига ўтишга рози бўлади. Аммо бир ярим йил ўқигандан сўнг, у қарорини ўзгартирди ва дастурий инжиниринг йўналишига ўтади.
У микроэлектроникада амалий қўллаш имкониятлари жуда камлигини англаб етади, ахборот технологияларида эса бу имкониятлар анча кенг эканини кўради. Чунки информатикада, ҳатто талабалик пайтингизда ҳам, фойдаланувчилар учун маҳсулот яратиб, тақдим этишингиз мумкин.
Университетда Имин камсуқум йигит сифатида танилган. Дарсларда яхши қатнашар, лекин ижтимоий ҳаётда деярли фаол бўлмасди. Талабалар даврасига қўшилмасди, чет элда ўқишни ҳам истамасди — ўзи ётоқхонада, компьютер орқали дастурлаш билан шуғулланарди.
Университетдаги дўстлари билан биргаликда Имин турли компаниялар учун веб-сайтлар яратиш устида ишлайди. Бу компьютер таъмири билан қўшилиб, унга ойига 2—3 минг юань (ўша вақтда 300—400 доллар) даромад келтирарди. Ўша вақтда Хитой талабаси учун бу жуда катта сумма эди. Бу дўстлик алоқалари кейинчалик Имин ўз лойиҳаларига кадрлар танлашда ҳам жуда фойда беради.
Айтганча, айнан компьютер таъмирлаб бергани пайтида у келажакдаги рафиқаси билан танишган. Аввалига қиз унинг эътиборини рад этган, лекин уч ой ўтгандан сўнг охири учрашувга рози бўлган. Шу билан бирга, миш-мишларга қараганда, Чжандин иш жадвали жуда жадал бўлгани сабабли улар на тўй маросими ўтказишган, на асал ойига боришган.
Жуфтликнинг фарзандлари йўқ — ёки, камида, жамоатчилик бу ҳақда билмайди. Айрим маълумотларга кўра, миллиардернинг рафиқаси унинг бизнес-режаларини муҳокама қилишда фаол ёрдам беради.
2005 йилда Чжан Имин университетни тугатади ва дарҳол дўстлари билан бирга офисда ҳамкорликда ишлашга мўлжалланган дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компания тузади. Бироқ лойиҳа тезда муваффақиятсизликка учрайди — асосий сабаб бизнес ҳамкорлар маҳсулотни самарали реклама қилишни билмас эди.
Шунда Имин «Хусю» номли стартапда муҳандис сифатида иш бошлайди. Бу сайёҳлар учун меҳмонхона ва авиабилет хизматларини қидирувчи веб-сайт бўлиб, Имин компаниянинг бешинчи ва энг ёш ходими эди. Орадан бир йил ўтиб компания жадал ўсишга эришади ва Иминни техник директор лавозимига тайинлашди. Ушбу вазифада у 5—10 кишидан иборат жамоани бошқарган.
Имин сўзларига кўра, ўша пайтда у куну тун ишлаши мумкин эди. Агар ишламаётган бўлса, у ҳолда ўқирди, китоб мутолаа қиларди. У янгилик ўрганиш имконини қўлдан бой бермасди — ҳатто сотув менежерлари билан бирга мижозлар уйига ҳам бориб келарди. Кейинчалик айнан шу билим ва кўникмалар ўз компаниясини ривожлантиришда унга жуда ёрдам берди.
«Хусю» компанияси асосчилари лойиҳани тарк этгач, ишлар сезиларли равишда ёмонлашади. Чжан эса бундан кейин олға ҳаракат қилиш кераклигини англайди.
2008 йили у Microsoft компаниясига ишга ўтади, аммо дунёнинг энг нуфузли технологик компанияларидан бири ҳақидаги орзулари амалга ошмайди. У ўзини корпоратив қоидалар остида димиқиб қолгандек ҳис қилади ва бундай бошқарув усулларини жуда самарасиз деб ҳисоблайди. Ўзи айтганидек, иш пайтида ярим кунлик фаолиятида унда банд бўладиган ҳеч қандай иш йўқ эди ва зерикишни китоб ўқиш орқали енгарди.
Шу вақтларда Имин Пекинда ўзи учун турар жой излаш масаласи билан ҳам банд бўлади. Бунинг учун у махсус дастур тузади — у Пекиндаги уй-жой бозори ҳақидаги барча маълумотларни йиғарди. Кейин эса шу базадан ўз талабларига мос келадиган вариантларни саралаб, энг мақбул ечимга келади. У танлаган квартира нархи бир йил ичида ўз баҳосини икки баробарга оширади.
Microsoft’дан кетгач, бир йил ўтмай Имин ўзининг яхши таниши, тадбиркор Ван Синнинг компаниясига қўшилади. Ван Син кўпинча ғарб ғояларни кўчириш ва уларни маҳаллий бозорга мослаштириш билан танилган.
В хитойча Twitter — FanFou платформасида Чжан Имин шерик сифатида иш бошлайди. Имин у ерда асосан қидирув функциялари, тренд мавзулар ва ижтимоий аналитика учун жавобгар эди. Сервис тез ривожланади, аммо 2009 йилда давлат цензураси сабабли ёпилади. 2010 йилда яна фаолиятни тиклайди, лекин бу сафар Имин у ерда йўқ эди.
Шу пайтда у аввал ишлаган «Хусю» компанияси сотилаётганини эшитиб, уларнинг уй-жой қидирув бўлимини ўз зиммасига олади. Шу асосда университетдаги собиқ хонадоши Лян Рубо билан биргаликда «Дзюши Дзюфан» номли компанияга асос солади. Бу лойиҳа учун у ўзининг аввалроқ алгоритм орқали топган квартирасини ҳам сотади.
Компаниянинг ташкил этилиш босқичида Имин бош директор лавозимини эгаллайди, аммо ортидан 2 йил ўтиб, бошқарувни профессионал менежерга топширади. Шундай қилиб, у ўзининг илк муваффақиятли бизнесидан деярли тўлиқ чекиниб, янги ғоя устида ишлашга киришади.
Чжан шундай бир тенденцияни пайқайди: Baidu қидирув натижаларини реклама билан аралаштириб, фойдаланувчиларни манипуляция қиларди. Аммо у контентни инсон эмас, сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш ва фойдаланувчига айнан унга мос маълумотни тавсия қилиш тарафдори эди. Мана шу ғоя устида ишлаб, у ByteDance номли стартапга асос солади. Бироқ инвесторларни бу ғояга ишонтириш осон бўлмайди.
2012 йил август ойида Чжан Имин ва унинг жамоаси ToadHell номли янгиликлар агрегатори иловасини ишга туширишади. Бу сервис фойдаланувчиларга қизиқарли ва долзарб контентни сунъий интеллект орқали тавсия қиларди. Ортидан 2 йил ўтиб, яъни 2014 йилга келиб, иловадан кунлик 13 миллиондан ортиқ киши фойдаланарди. Бу эса аввал Чжаннинг ғояларини рад этган америкалик венчур фонди — Sequoia Capital’ни ўз қарорини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Натижада фонд ByteDance’га 100 миллион доллар сармоя киритади.
Шу пайтда Чжан Иминнинг ўзи ҳам Forbes’нинг «30 ёшгача бўлган 30 нафар энг кучли таъсир доирага эга хитойликлар» рўйхатига киритилди. Агрегатор эса 2016 йилга келиб 78 миллион кунлик фаол фойдаланувчига эга бўлганди — бу эса ҳақиқий муваффақият эди.
ByteDance бошқа бир лойиҳа — Neihan Duanzi иловасини ҳам ишга туширади. Бу платформада фойдаланувчилар қувноқ видеолар, мемлар, ҳазиллар билан ўзаро алмашишарди. 2017 йилда, ўзининг энг юқори нуқтасига чиққан вақтда, Neihan Duanzi’нинг 200 миллиондан ортиқ фойдаланувчини қамраб олганди.
Чжан Имин бу гал аввалги бизнесларидаги хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилади — у бошқарувни бошқаларга топширмайди ва компания ичида Google услубидаги тизимли, бироз демократик бошқарув моделини шакллантиради.
Хитойдаги анъанавий иерархик ва бюрократик компания маданиятидан фарқли равишда, Чжан ўзини «босс» деб аташларини ёқтирмайди,ва маҳсулотлар муҳокамасида шахсан иштирок этади.
Чжан Имин шахсан ўзи чегарадан чиқишдан ва танқидий фикр юритишдан қўрқмайди ва ходимларини ҳам фаоллик ва ташаббускорликка рағбатлантиради. Унингча, ақлли ва тезкор ахборот алмашинуви — муваффақиятли компания асосидир.
Биргина янгиликлар иловаси билан тўхтаб қолмаган Чжан 2016 йилда ByteDance орқали Douyin номли видеомазмун алмашиш иловасини яратади. Қисқа видеороликлар платформада яратиш — Хитойда янги нарса эмасди, аммо Douyin бу форматни инновацион тавсия алгоритмлари ва фойдаланувчи интерфейси орқали янги босқичга олиб чиқади.
Бир йил ўтиб, яъни 2017 йилда, иловадан 100 миллион фойдаланувчи фойдалана бошлайди ва кунлик видеокўришлар сони 1 миллиардга етади.
Шу йили — 2017 йил сентябрь ойида — Douyin халқаро бозорга TikTok номи билан чиқарилади. Функционали худди Douyin’никига ўхшаш, аммо контентлар икки платформа ўртасида алмашинмайди — бу Хитой цензурасидан халқаро аудиторияни ҳимоя қилиш учун қилинган стратегик қадам эди.
TikTok қисқа фурсат ичида Таиланд, Япония ва бошқа Осиё давлатларида машҳур бўлиб кетади. Бу орада, АҚШ бозорида эса бошқа хитойлик лойиҳа — Musical.ly танилган эди. Бу платформада фойдаланувчилар 15 секундлик музикал клиплар яратишар, лабларни қўшиққа мос қилиб ҳаракатлантириш (lip-sync) орқали ўз ижодларини намоён этишарди.
ByteDance бундай имкониятни қўлдан бой бермайди. 2017 йил ноябрда, компания Musical.ly’ни 1 миллиард долларга сотиб олади. 2018 йилда TikTok ва Musical.ly бирлаштирилади — шу билан TikTok дунё миқёсида ҳақиқий интернет феноменига айланfди.
Шундан бери TikTok’нинг АҚШдаги машҳурлиги кескин ошди ва ҳозирда бу илованинг у ерда 200 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бор. Умуман олганда эса дунё бўйича илованинг фаол фойдаланувчилари сони икки миллиарддан ошган.
Қизиғи шундаки, дастлаб Имин TikTok’ни асосан ёшлар учун маҳсулот деб ҳисоблаган ва у ерда видео яратмаган. Бироқ кейинчалик у мижозларини яхшироқ тушуниш учун ўзи ҳам фаол иштирок этиши кераклигини англаб етган.
Шу сабабли у ўзи ва бошқарув жамоасининг барча аъзолари учун TikTok’ларда видео тайёрлашни мажбурий қилиб қўйган. Ҳар бир видео маълум миқдорда лайк олиши керак бўлган, акс ҳолда ходим жазога тортилиб, «отжимание» бажариши керак бўлган.
TikTok’нинг кенг тарқалган машҳурлиги нафақат ижтимоий тармоқларнинг янги юлдузлар авлодини юзага келтирди, балки ижтимоий тармоқлар дунёсида яна бир миллиардерни ҳам яратди.
2018 йилда Forbes Чжан Иминни илк бор миллиардер деб эълон қилди ва унинг бойлигини 4 миллиард доллар деб баҳолади. Худди шу йили ByteDance компанияси мутахассислар томонидан 75 миллиард долларга баҳоланди ва дунёдаги энг қиммат стартап деб тан олинди.
Куни кеча Bloomberg миллиардерлар индекси TikTok сервисига эгалик қилувчи ByteDance компаниясининг асосчиси 41 ёшли Чжан Имин Хитойнинг энг бой одамлари рейтингида биринчи ўринни эгаллаганини эълон қилди. Бизнесменнинг бойлигини 57,5 миллиард долларга баҳолаган.







