
Nubank стартапини 10 йил ичида Лотин Америкасидаги энг қиммат необанкка айлантирган шахс — Дэвид Велес муваффақияти
Дэвид Велес — Бразилиянинг рақамли Nubank банки асосчиси ва бош директори бўлиб, бу банк Лотин Америкасида 10 йилдан бери фаолият юритмоқда. Ҳозирда унинг компаниядаги улуши 8 млрд долларни ташкил этади. Компаниянинг умумий бозор қиймати эса 37 млрд долларга етган.

Nubank бу кўрсаткич билан Лотин Америкасидаги энг қиммат иккинчи молиявий компанияга айланган — ундан фақат 78 йиллик тарихга эга бўлган Itau банки олдинда.
Дэвид Велес 2013 йилда венчур бозоридаги карьерасини тарк этганидан сўнг, Бразилияда рақамли банк ташкил этишга қарор қилган ва бу орқали катта ютуқларга эришган. Nubank 2023 йилнинг биринчи чорагида 142 миллион доллар соф фойда ва 1,6 миллиард доллар даромад қайд этган, бу ундан олдинги йилги кўрсаткичлардан 87 фоизга кўп.
Нью-Йорк фонд биржасида сотиладиган Nubank акциялари ушбу хабардан сўнг 30 фоизга ошган ва компаниянинг бозор қиймати 37 миллиард долларга етган эди. Велеснинг 21 фоиз акция улуши эса тахминан 8 миллиард долларга тенглашган. “Бу у қадар ҳайратланарли бўлмаслиги керак”, — деганди 41 ёшли бош директор.
Бугунги кунда Nubank’нинг мижозлари Бразилия катталар аҳолисининг 46 фоизини ташкил этади. Сўнгги икки йил ичида банк мижозлар сонини икки баравардан кўпроқ ошириб, Бразилия, Мексика ва Колумбияда 80 миллион нафарга етказган. Уларга ҳаммаси бўлиб 8000 нафар ходим хизмат кўрсатади. Солиштириш учун: АҚШнинг энг муваффақиятли рақамли банки Chime’да 20 миллиондан кам мижоз бор (аник рақамлар эълон қилинмаган) ва ўтган йили ўсиш секинлашгани сабабли ходимлар сони 12 фоизга қисқартирилган.
Бундан ташқари, Chime ҳозирда анча арзон — унинг баҳоси 2021 йилдаги пандемия давридаги инвестиция раундида 25 миллиард доллар деб баҳоланган эди.
Велеснинг тушунтиришича, Nubank’нинг Америкадаги рақобатчилардан устун келишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. “Биз бундай нарса ривожланган АҚШ ёки Европа бозорларидан кўра, ривожланаётган мамлакатларда тезроқ содир бўлади, деб ўйлагандик. Чунки ёш иқтисодиётли давлатлардаги истеъмолчиларда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар анча кўп”, — дейди Велес.
10 йил аввал, Nubank иш бошлаган пайтда, Бразилиядаги бешта банк бозорнинг 80 фоизини назорат қиларди. Улар йиллик 200–400 фоиз билан бериладиган кредитлар ва ҳимоя хизмати ёки SMS-банкинг каби хизматлар учун ойлик тўловлар орқали улкан даромадлар олган. Бироқ мижозларга хизмат кўрсатиш сифати жуда паст даражада эди.
Америка бозорида 5800 та анъанавий ва кўплаб рақамли банклар бор — бу эса рақобатни оширади ва хизмат кўрсатиш стандартларини юқори даражага кўтаради (ҳар ҳолда, АҚШдаги мижозлар ҳам ортиқча тўловлар ва бошқа комиссиялардан шикоят қилишади). Велес нафақат тўғри бозорни танлаган, балки Бразилия шароитидаги имконият ва муаммоларга мос келадиган стратегияни ҳам ишлаб чиққан. Америкадаги кўплаб рақамли банклар ўз фаолиятини чек ҳисоблари ва дебет карталари билан бошлаган.
Аммо Nubank тўловсиз кредит карточкалари билан иш бошлашга қарор қилган. Чунки бундай карточкаларни чиқариш учун банк лицензияси талаб этилмасди. Шу сабабли, Бразилиядаги кўпчилик кредит карта эмитентлари тўлов олади, Nubank эса буни бекор қилган.
Бу шундоқ ҳам хавфли қадам эди, чунки “кредит карточкалари бўйича йўқотишлар сенинг компаниянгни йўқ қилиши мумкин”, — дейди Nubank ҳаммуассиси ва ўсиш бўйича бош директори Кристина Жанкейра. 40 ёшли муҳандис Жанкейра Шимолий-Ғарбий университетида MBA даражасини олган, аммо Велес уни жамоага айнан кредит карточкалари соҳасидаги тажрибаси учун таклиф қилган.
Ёш бўлишига қарамай у Бразилиянинг энг йирик банки — Itau’даги энг катта кредит карточкалари бўлимига раҳбарлик қилган. Ҳозир эса у Nubank’нинг 2,7 фоиз акциясига эга бўлиб, бу улуш 1 миллиард долларга баҳоланган.
Америкалик рақиблардан фарқли ўлароқ, Nubank қимматбаҳо маркетинг кампаниялари билан овора бўлмади. Велес эса классик “бахмал чилвир” стратегиясидан фойдаланди — дастлабки фойдаланувчиларга, сўнгра уларнинг дўстларига ҳам ўзининг кўк рангли кредит карточкасини буюртма беришни таклиф қилди. Жанкейранинг таъкидлашича, одамларни ўз пулларини банкка олиб келишга кўндириш анча қийин, қарз бериш эса анча осонроқ.
Айнан шу қарорлар Nubank’ни Лотин Америкасидаги энг қимматбаҳо молиявий компаниялардан бирига айлантирган — фақатгина 78 йиллик тарихга эга Itau уни ортда қолдирган.
Hozirda Nubank акциялари тахминан 8 доллардан сотилмоқда — бу 2021 йилдаги IPO пайтидаги 9 долларлик нархдан 12 фоиз кам. Аммо бу жуда катта натижа, чунки шу муддат ичида финтех соҳаси умумий ҳисобда 54 фоиз қадрини йўқотган.
Энди эса асосий савол шундаки: Nubank ўзининг Бразилиядаги муваффақиятини Мексика ва Колумбияда ҳам такрорлай оладими — шу билан бирга Бразилияда ўсишни ва фойдалиликни давом эттира оладими?
Nubank стратегиясининг ўзига хос жиҳатлари
Кредит карточкалари чиқарилгандан кейинги икки йил ичида Nubank қарийб 2 миллион нафар мижоз тўплаган. Кредит карточкаларидан ташқари, банкнинг рақобатбардошлигини таъминловчи яна бир омил — бу унинг мобил иловаси бўлган. Мижозлар шу иловада деярли ҳамма ишни қилишлари мумкин эди: кредит карточкасига ариза беришдан тортиб, лимитни ошириш, ҳатто фирибгарлик ҳолатлари ҳақида хабар беришгача.
Компаниянинг маълум қилишича, мижозларнинг 80–90 фоиз қисми уларга бошқа фойдаланувчиларнинг оғзаки, бепул тавсиялари орқали қўшилган. Ҳозирги кунда банкнинг 35 миллион нафар актив кредит карточкаси фойдаланувчиси бор.
Ўтган йили Nubank ўзининг 4,8 миллиард долларлик даромадининг тахминан 45 фоизини истеъмол кредитлари — яъни кредит карточкалари ва шахсий кредитлар бўйича фоизлардан олган.
Қолган қисми — мижозларнинг нақд пул ҳисоблари бўйича даромадлар, савдо нуқталари терминалларидан фойдаланиш учун тадбиркорлар тўлайдиган фоизлар, суғурта ва инвестиция хизматлари учун комиссиялар, кредит тўловларини кечиктирганлик учун жарималар ва бошқа турдаги тўловлардан иборат.
Америкадаги кўплаб необанклар эса аксинча, кредит беришдан четланиб, ўз фаолиятларини анъанавий банклар билан ҳамкорликда чек ва жамғарма ҳисоблари ҳамда дебет карталардан бошлайди. Бу йўлни танлашларининг бир нечта сабаблари бор.
Энг аввало, кредит бериш нафақат хавфли, балки жуда қимматга тушади. Чунки необанклар Уолл-стрит ёки бошқа молиявий ташкилотлардан маблағ топиши керак бўлади. Бундай шароитда, айниқса асосий ставка юқори бўлганда, кредит стратегияси рақамли банкларга анча қимматга тушади. Кредитга ихтисослашган стартаплар ҳам ўз даромадига нисбатан юқори баҳоланмайди. Бу стартаплар циклли ҳисобланади ва инвестиция капиталига кучли боғлиқ.
Велес таъкидлайдики, дунёда кредит беришдан бошлаб муваффақиятга эришган финтех компаниялар жуда кам. У Россиядаги Tinkoff, Қозоғистондаги Kaspi, ва АҚШдаги Capital One компанияларини шундай мисол сифатида келтиради.
“Венчур капитали ва кредит — бу гўё дўзахда туғилган иттифоқ”, — дейди Capital One асосчиси ва Nubank’нинг илк инвесторларидан бири Найджел Моррис. “Венчур капитали табиатан сабрсиз — у тез натижалар ва шиддатли ўсишни истайди… Ҳолбуки, кредит бериш жараёни диққат, мантиқ, изчиллик ва тугамас сабрни талаб қилади”.
Моррис ўз тажрибасига таяна туриб айтадики, пулни даромад олиш учун фақатгина қайтармайдиган одамларга бериш керак, сўнг эса у одамларни эслаб қолиб, бошқа пул бермаслик керак. “Бундай математик моделни ўргатиш учун ҳафталар ёки бир неча ойлар эмас, балки йиллар керак”, — дейди у.
Кўплаб финтех мутахассисларининг фикрича, Америкадаги рақамли банклар муваффақиятли кредиторга айлана олмайди, чунки уларнинг асосий мижозлари — паст ёки ўрта даромадли одамлар. Аммо Велес бу фикрга қўшилмайди: Nubank мижозларининг кўпчилиги паст даромадли бўлса-да, бу автоматик равишда юқори кредит йўқотишларини англатмайди: паст даромад — ҳар доим ҳам юқори таваккалчилик эмас, юқори даромад эса кам йўқотишни кафолатламайди, агар кредитлар мос миқдорда берилса.
Nubank баъзан кредит беришни 10 доллар каби кичик суммалардан бошлайди. Агар мижоз юқори хавфга эга бўлса, у ҳолда банк захираланган карточка таклиф қилади — бу карточкадан фойдаланиш учун аввал ўзидаги нақд пулни қўйиши керак бўлади. Кейин эса банк мижоз ҳақида маълумот тўплаган ҳолда — баъзан 15–30 кун ичида — лимитни оширади.
Бундай сабрли ёндашув паст даромадли мижозлар тоифасида даромад олишдан аввал маълум муддат пул йўқотишга тайёр туришни талаб қилади, деб тушунтиради Велес.
Янгиланган бозорлар ва тўсиқлар
Nubank’нинг ўсиш суръатлари таъсирли, лекин уларни ушлаб қолиш осон эмас. Необанк 2020 йилда Мексика ва Колумбияда кредит карталарини таклиф қилишни бошлаган, бироқ 2023 йилнинг биринчи чорагида 1,6 млрд доллар даромаднинг 1,5 млрд доллар қисми ҳали ҳам Бразилия ҳиссасига тўғри келган.
Ҳозирча Nubank’дан Мексикада катта ёшли фуқароларнинг 3 фоизи, Колумбияда эса 2 фоизи фойдаланмоқда. Шунга қарамасдан, Велеснинг тахминича, Бу давлатларда тан олиниш Бразилияга қараганда тезроқ содир бўлиши кутиляпти.
“Мексика ва Колумиядаги тажрибамиз Бразилиянинг илк йилларига қараганда анча ижобий. Бу мамлакатлар мижозлар сонидан тортиб, эрта даромад олишгача барча кўрсаткичлар бўйича Бразилиядан илгарилаб кетмоқда”, — дейди Велес.
Бироқ, бу бозорларда рақобат анча шиддатли. Мексикадаги Banorte – мамлакатдаги энг йирик активларга эга банк – ўзининг рақамли банкинг стратегиясини ишлаб чиққан. Унда мобил иловадан тортиб, мустақил рақамли банк Bineo ва Rappi стартапи билан ҳамкорликдаги лойиҳалар мавжуд.
Стартаплар ҳам жим турмайди. Масалан, Stori номли финтех-компания, Capital One ва MasterCard собиқ менежерлари томонидан ташкил этилган, яқинда Мексикада 2 миллион мижозга эга эканини маълум қилди. Nubank эса 2023 йил март охирига келиб 3,2 миллион мижоз тўплай олган.
Bank of America’нинг ҳисоб-китобларига кўра, Nubank ҳар бир мижоздан ўртача ойлик 8 доллар даромад олади, ҳолида Бразилиядаги анъанавий банкларда бу кўрсаткич тахминан 30 доллар.






