Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Уоррен Баффетнинг акциялари нархи тарихда илк бор 500 минг доллардан ошди

Миллиардернинг бойлиги бир кунда 1,4 млрд долларга кўпайди.

Фото: CNBC

Милилардер Уоррен Баффетга тегишли Berkshire Hathaway инвестиция компаниясининг А тоифа акциялари нархи тарихда биринчи марта 500 минг доллардан ошди. Бу ҳақда CNBC хабар беради.

Маълумотларга кўра, йил бошидан бери Berkshire акциялари 11 фоизга қимматлашган ва АҚШ фонд бозоридаги кўрсаткичларни сезиларли даражада оширган. BCS таҳлилчиларининг таъкидлашича, худди шу даврда капиталлашув бўйича АҚШнинг энг йирик компанияларини ўз ичига олган S&P 500 индекси 12 фоизга пасайган.

Қайд этилишича, активлар нархининг жадал ўсиши туфайли Berkshire’нинг бозор капиталлашуви 730 миллиард доллардан ошди ва Марк Цукербергнинг Meta компаниясини ортда қолдириб, АҚШнинг энг қиммат 10 та давлат компанияси орасида технологик бўлмаган ягона компания бўлди.

Таъкидланишича, Баффетнинг бойлиги бир кунда 1,4 миллиард долларга ошди ва ҳозирда 121,3 миллиард долларга баҳоланмоқда. Миллиардер сайёрадаги энг бой бизнесменлар рўйхатида Tesla раҳбари Илон Маск, Amazon асосчиси Жефф Безос, LVMH раҳбари Бернард Арно ва Microsoft асосчиси Билл Гейтсдан кейин бешинчи ўринни эгалламоқда.

Аввалроқ Уоррен Баффет Occidental Petroleum нефть компаниясининг 5,1 миллиард долларлик акцияларини сотиб олгани хабар қилинганди. Шунингдек, Уоррен Баффет Apple’нинг рекорд капиталлашуви туфайли 120 миллиард доллар ишлаб олгани ҳақида хабар берилди.