Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Шавкат Мирзиёев ОТБ раҳбари Масацуга Асакавани қабул қилди

Учрашувда стратегик шерикликнинг янги йўналишлари келишиб олинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 24 март куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Осиё тараққиёт банки президенти Масацуга Асакавани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашув аввалида Банк раҳбари Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистоннинг етакчи халқаро молия институтлари раҳбарлари ва бизнес вакилларини жамлаган Инвестиция форуми муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, учрашувда ОТБ билан стратегик шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари ОТБ президентини яқинда навбатдаги муддатга қайта сайлангани билан самимий табриклаб, Янги Ўзбекистондаги янгиланишлар дастурини илгари суришда, шу жумладан коронавирус пандемияси оқибатларини олдини олишда кўрсатилаётган кўмак учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди. Кейинги йилларда лойиҳалар портфели икки бараварга кенгайиб, 9 миллиард доллардан ошди. Қўшма лойиҳалар доирасидаги инвестицияларни ўзлаштириш суръатлари ҳам икки баравар жадаллашди.

Банк томонидан республикада амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган ислоҳотларга, шу жумладан макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, молия сектори, энергетика, транспорт ва инфратузилмани модернизация қилиш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кўрсатилаётган техник кўмак юқори баҳоланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янги дастурини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, «яшил» иқтисодиётни жадал жорий этиш, лойиҳаларни аралаш молиялаштириш механизмларини ривожлантириш, бизнес, шу жумладан аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш дастурларини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини жорий қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги стратегик шерикликнинг устувор йўналишларини илгари суриш бўйича «йўл харитаси»ни биргаликда қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Аввалроқ ОТБ Ўзбекистон миллий автомобиль йўлларини реконструкция қилиш учун 273 миллион доллар кредит ажратгани хабар қилинганди. Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонда салкам 3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириши ҳақида хабар берилди.