ОТБ Ўзбекистон миллий автомобиль йўлларини реконструкция қилиш учун 273 млн доллар кредит ажратди
Банк мамлакат аёлларини қўллаб-қувватлаш учун грант сифатида 150 минг доллар тақдим қилади.

Осиё тараққиёт банки 22 февраль куни Ўзбекистондаги минтақавий алоқалар учун муҳим бўлган миллий автомобиль йўлларини реконструкция ва модернизация қилиш учун 273,85 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк сайтида хабар берилган.
«Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган давлат сифатида қўшни мамлакатлар билан савдо ва транспортни осонлаштирадиган ишончли йўл тармоқлари Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишида муҳим аҳамиятга эга», — дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.
Унинг таъкидлашича, ОТБ ҳукуматнинг миллий автомобиль йўлларининг хавфсизлиги ва иқлимга чидамлилигини яхшилаш, бу бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга интилмоқда, чунки бу Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт ва логистика маркази сифатидаги салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам беради.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг мавжуд йўл тармоқлари мавжуд қувват ва уланиш талабларига жавоб берса-да, улар ёмон ҳолатда ҳамда қайта тикланишга муҳтож. Мамлакатда ҳар 100 минг кишига ҳар йили 11,2 та ўлим тўғри келади, бу транспорт воситаларига эгалик даражаси паст бўлган мамлакат учун халқаро стандартлар бўйича юқоридир.
ОТБ лойиҳаси Сурхондарё вилоятидаги Дарбанд ва Денов ўртасидаги республика йўлининг қарийб 106 километрини янгилашга ва Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу (А380) автомобиль йўлининг қарийб 87 километрини реконструкция қилишга ёрдам беради.
ОТБ шунингдек, лойиҳа амалга оширилаётган жойларда тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун грант сифатида 150 минг доллар ажратади. Уларга молиявий саводхонлик, маркетинг ва тадбиркорлик йўналишлари ўргатилади.






