Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Жаҳон савдосида доллардан воз кечилиши ҳақиқатга қанчалик яқин?

Америка иқтисодиёти ва сиёсий тизими сармоядорларга доллардаги сармояларни ошириш имконини беради.

Фото: «Интересная Россия»

Америка Қўшма Штатлари долларидан яқин орада жаҳон миқёсида воз кечилиши ҳақидаги тахминлар асоссиз. Бу ҳақда россиялик иқтисодчи Андрей Маслов айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, доллар ҳамон жаҳон савдоси ва турли мамлакатлар миллий банклари заҳираларида асосий валюта бўлиб қолмоқда, шунинг учун ҳам Америка валютасидан жаҳон миқёсида яқин орада воз кечилиши ҳақидаги тахминлар асоссиз.

«Айтиш жоизки, долларнинг жаҳон савдосидаги улуши қарийб 50 фоиз, захирадаги улуши эса 60 фоизни ташкил этган бўлса, юаннинг улуши беш фоизга яқин. Шу боис, дедолларизация ва долларни юанга алмаштириш ҳақида гапириш, гарчи бу суҳбатлар йиллар давомида давом этаётган бўлсада, ўта асоссиздир», — деди у.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, долларга инвестициялар фақат ушбу валюта беқарор бўлсагина тўхтайди.

«Бунинг учун жаҳон молия тизимида глобал инқироз юзага келиши керак», — дея қўшимча қилди Маслов.

Таҳлилчининг айтишича, Америка иқтисодиёти ва сиёсий тизими инвесторларга доллардаги сармояларни ошириш имконини беради.

Аввалроқ АҚШдан Россияга тўғридан-тўғри ёки билвосита доллар банкнотларини экспорт, реэкспорт қилиш, сотиш ёки етказиб бериш тақиқланганди.