Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Рубль нега мустаҳкамланмоқда? Отабек Бакиров фикри

Иқтисодчининг айтишича, газни Европага рублда сотиш қарори келишиш қийин бўлган ултиматумлигича қолади.

Рубль курси сўнгги кунларда мустаҳкамланишда давом этмоқда. 30 март куни 1 рубль учун 136,08 сўмгача расмий курс қайд этилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров рубль курси нега кўтарилаётгани ҳақида фикр билдирди.

Рубль нега мустаҳкамланмоқда, бу жараённинг рус газини рублга сотиш режаларига алоқаси борми?

Иқтисодчининг сўзларига кўра, газни рублга сотиш механизми ҳалигача аниқлашмаган, бирон куб газ рублга сотилгани йўқ. Шунингдек, биронта йирик Европа давлати газни рублга сотиб олишга розилик ҳам бергани йўқ.

«Яъни, газни рублга сотиш хоҳишлари ғирт психологик трюк ва келишиш қийин бўлган ултиматумлигича қолади», — дейди Бакиров.

Иккинчидан, иқтисодчининг таъкидлашича, 24 февралдан кейин Россия Марказий банки рублга талаб ҳосил қиладиган барча хорижий ва норезидент каналларни ёпиб ташлади.

«Бу фонд бозорига тааллуқлими, фоизларми ёки дивидендларми, фарқи йўқ», — дейди у.

Бундан ташқари, Россияни тарк этаётган ёки тарк этишини эълон қилган хорижий компаниялар ва норезидентлар Россиядаги активларини олиб чиқиши учун уни долларга айлантириши керак.

«Россия Марказий банки бунга тўлиқ табу қўйди. Табиийки, рублга бўлган энг катта талабни йўққа чиқарди», — дея таъкидлайди Отабек Бакиров.

Учинчидан, иқтисодчининг қайд этишича, Россия Марказий банки Россия резидентлари учун ҳам хорижга валюта олиб чиқишга, нақд валюта сотиб олишга ёки ўтказишга чекловлар ўрнатди. Шу ўринда Visa ва Mastercard тизимлари Россиядаги сегментни ўчириш ҳисобига россияликларнинг мақсадга эришишига ёрдам бериб юборди.

«Бошқача айтганда, Россия чакана резидентларининг долларга бўлган талаби ҳам ўлдирилди», — дейди иқтисодчи.

Тўртинчидан, жуда кўплаб ғарб компаниялари Россия билан ишлашдан воз кечгандан кейин, қатор ташув корпорациялари Россия юкларини манзилга элтишни тўхтатгач, рус импортёрлари учун хориждан товар келтиришга рағбати ҳам вақтинча тўхтади.

«Чунки логистика муаммолари ва эҳтимолий йўқотишлар импортни жисмонан имконсиз қилиб қўйиши мумкин. Демак, импортчиларнинг долларга нисбатан талаби ҳам энг минимал даражагача туширилди», — дея тушунтиради у.

Бешинчидан, Бакировнинг сўзларига кўра, бозорда рубль ликвидлиги мавжуд эмас. Марказий банкнинг қаттиқ сиёсати туфайли сунъий равишда рубль дефицити яратилмоқда, хусусан асосий ставкани бирдан 20 фоизгача олиб чиқилиши билан.

Иқтисодчининг қайд этишича, буни савдолар ҳажмидан ҳам билиш мумкин: кунлик савдолар ҳажми 24 февралгача бўлганидан каррасига камроқ. Рубль таклифи етарли бўлмагач, долларнинг тушиши узоқ куттирмайди.

Олтинчидан, экспортчилар учун 80 фоизлик мажбурий сотув долларга нисбатан сунъий равишда пасайтирилган талаб ҳажмини ортиғи билан қопламоқда.

«Бошқача қилиб, содда тилда айтганда, доллар сотиш мумкин, лекин доллар сотиб олишга барча асосий рағбатлар ўлдирилди ёки талаблар тақиқланди», — дейди иқтисодчи.

Бу сиёсат қанча муддат давом этиши мумкин?

«Ҳа, бир ҳафта, ўн кун давом этиши, чекланган валюта режими сиёсати ойларга чўзилиши мумкин. Биз ҳатто кейинги ҳафталарга 1 доллар 75 рубль кўрсаткични ҳам кўришимиз мумкин», — дея давом этади Бакиров.

Лекин, иқтисодчининг қайд этишича, бу рублнинг бозор ўлчови бўлмайди. Бундай сиёсатдан Россия иқтисодиёти санкциялардан кўра кўпроқ жабр кўради (шартли «Воронежни бомбалаш»).

Унинг таъкидлашича, ишлаб чиқаришнинг кескин пасайиши, товар етишмовчилиги ва захираларнинг тугаши кутилмалари инфляцияни жуда юқори даражага кўтаради.

«Шартли айтганда рус истеъмолчиси учун 1 долларлик товар 150 рублга етиб боради, гарчи расман 1 доллар 75 рубль деб эълон қилинган бўлсада», — дейди Бакиров.

Яъни, иқтисодчининг тушунтиришича, россияликларни доллар курси эмас, ишсизлик ва инфляция жазолашни бошлайди.

«Ҳозирча, захиралар мавжудлигида шу консенсусга кўпчилик рози», — дея фикрларини хулосалайди у.

Аввалроқ газни рублда сотиш Россия учун фойдами ёки зарар экани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россия учун дефолт таҳдиди нимани англатиши хабар қилинди.