Лондон суди Павел Дуровнинг Telegram мессенжери устидан мурожаат қилган TON инвесторларидан бирининг барча даъволарини рад этди. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Zotobi Management Limited асосчиси Игорь Чуприн 2018 йилда TON криптовалютасига миллион доллар сармоя киритган. 2020 йилнинг май ойида тадбиркор Лондон судига Telegram’дан унга сармоянинг 100 фоизини қайтаришни талаб қилиб мурожаат қилган.
«Суд Zotobi’нинг барча даъволарини рад этди, шунингдек, компаниядан Telegram’нинг 700 минг долларлик суд харажатлари ва суднинг 55 минг 900 фунт стерлинг миқдоридаги харажатларини қоплашни талаб қилди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Бразилия Олий суди Telegram’ни блоклаш ҳақидаги қарорни бекор қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Грузиянинг энг бой миллиардери судда Швейцария банки устидан ғалаба қозонгани хабар қилинди.


