Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар жамланган махсус QR-кодни жойлаштириш нормалари белгиланди. Бу бзйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари томонидан мижознинг танишиши учун қулай жойларда (асосан ўзаро ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган, шунингдек, кириш ва харидорга очиқ бўлган бошқа жойларда) қуйидаги маълумотлар жойлаштирилиши керак:
- юридик шахслар — корхона номи, СТИР, жойлашган жойи (почта манзили ва иш режими) ва ушбу маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код;
- якка тартибдаги тадбиркорлар — давлат рўйхатидан ўтказилганлик ва рўйхатдан ўтказган органнинг номи, ЖШШИР ҳамда ушбу маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код.
Давлат солиқ қўмитасининг ёзишича, бу солиқ тўловчилар фаолияти шаффофлигини таъминлаш билан бирга, солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар беришда истеъмолчиларга қулайликлар яратади.
Истеъмолчилар ушбу QR-кодни сканерлаш орқали савдо нуқтаси ҳақида тўлиқ маълумотларни билиб олиши, шунингдек солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этилганда ҚР-коддаги маълумотлар асосида «Солиқ ҳамкор» орқали хабар бериши мумкин.
Маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ органлари томонидан шакллантириб берилади.


