Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганлик учун пул тўлаш тартиби белгиланди

Махсуc дастур орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатлар ҳақида солиқ органларини хабардор қилган жисмоний шахсларга пул мукофотини тўлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганлик учун пул тўлаш тартиби белгиланди. «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан Махсуc дастур орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатлар ҳақида солиқ органларини хабардор қилган жисмоний шахсларга пул мукофотини тўлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, солиқ органлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари ҳақида солиқ органларининг махсус дастури орқали қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда хабардор қилинади:

  • содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик тури;
  • солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган хўжалик юритувчи субъект жойлашган жой.

Ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришда жисмоний шахс солиқ органларининг махсус дастурида мобил телефон ҳамда банк картаси рақамларини кўрсатади. Бир марталик пул мукофоти солиқ ҳуқуқбузарликлари учун белгиланган жарималарнинг 20 фоизи миқдорида белгиланади.

Жисмоний шахсларга бир марталик пул мукофоти қуйидаги ҳолатлар тўғрисида солиқ органларини хабардор қилганлик учун тўланади:

  • онлайн назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартиби бузилгани;
  •  нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархлар сунъий равишда оширилганлиги ёки пасайтирилгани;
  • тадбиркорлик фаолияти давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширилгани;
  • идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги;
  • савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларининг бузилиши аниқланган бошқа ҳолатлар. 

Аввалроқ Ўзбекистонда ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилиши ҳақида хабар берилганди.