Мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёзга эга бўлганлар ушбу солиқларнинг 1 фоизини тўлайди
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод этилган тадбиркорлик субектлари ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизини тўлайди.
Ўзбекистонда мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёзга эга бўлган солиқ тўловчилар ушбу солиқларнинг 1 фоизини тўлайди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод этилган тадбиркорлик субектлари ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизини тўлайди.
Мазкур қоида уларга Солиқ кодексининг 483-моддасида, шунингдек, Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзларга тааллуқлидир ва 3 ойдан кейин (2022 йил 6 августдан) кучга киради (Солиқ кодексининг 75-моддаси 11-қисми).
Таъкидланишича, ушбу ўзгаришлар мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилган солиқ тўловчиларнинг ва солиқдан озод этилган солиқ обектларини ҳисобини юритиш мақсадида киритилган.
Солиқ кодексининг 483-моддасига мувофиқ қуйидагилар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади:
- Президент қарорида Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳри ва тумани учун «ўсиш нуқтаси» деб белгиланган фаолият турларини амалга ошираётган янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субектлари — 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга;
- Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган, янгидан ташкил этилган саноат соҳасидаги тадбиркорлик субектлари — 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга;
- Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси томонидан аниқланган рўйхат бўйича Қорақалпоғистонда хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган ва оғир шароитлардаги 45 та маҳалла ва овулларда жойлашган, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субектлари — 2026 йил 1 январга қадар бўлган муддатга;
- Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларида, тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу туманларда (ҳудудларда) ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субектлари 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга.
Шунингдек, Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ҳамда паррандачилик хўжаликлари — 2022 йил 1 ноябрга қадар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади.