Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорларга қандай ходимларни ишга олиш кераклиги бўйича тавсия берди

Тошкент шаҳар ҳокими тадбиркорлар биринчи навбатда, ўқитувчилар ва таксистларнинг фарзандларини ишга олиши кераклигини айтди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес тренинглардан бирида янги иш бошлаётган тадбиркорларга қандай ходимларни ишга олиш кераклиги бўйича маслаҳатлар берди.

Унинг фикрича, тадбиркорлар биринчи навбатда, ўқитувчилар ва таксистларнинг фарзандларини ишга олиши керак.

«Биринчи навбатда, ўқитувчилар ва таксистларнинг фарзандларини ишга олинглар. У бой бўлиши шарт эмас. Ўқитувчилар таълим даргоҳларида дарс беради. Улар боланинг яхши-ёмонини билади. Уйга келиб ҳам доим фарзандига тарбия беради: ‘болам, бунинг фарзанди бундоқ, унинг фарзанди бундоқ, сен бунақа бўлмагин’, деб. У болалигидан ҳар кунлик танбеҳ ва тарбияни эшитиб катта бўлади, оқ-у қорани таниган бўлади. Шунинг учун, ўқитувчиларнинг фарзандларини ёнингизга олсангиз, ҳеч қачон адашмайсиз», — дейди у.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев такси ҳайдовчиларининг фарзандларини ишга олиш кераклиги ҳақидаги фикрини ҳам изоҳлади.

«Такси ҳайдовчилари кўчада юриб, одамларнинг оқ-у қораси, қандай инсонлар борлигини билади. Уйига чарчаб келиб, фарзандлари билан дастурхон атрофида ўтириб, ўз таклифларини айтади. Шундай қилсангиз, кўрасиз, ҳеч қачон адашмайсиз», — дейди Ортиқхўжаев.

Аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес тренинглардан бирида янги иш бошлаётган тадиркорларни пластик карталар ўрнига нақд пул билан муомала қилишга чақиргани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шундан сўнг MyTaxi ва Express24 хизматлари раҳбари Акмал Пайзиев шаҳар ҳокимининг ушбу сўзларига ўз муносабатини билдирди.