Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар берилади

Парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажмлари йил якунигача камида 35 фоизга оширилиб, 600 минг тоннага етказилади.

Ўзбекистонда паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар берилади. «Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 апрелдан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина my.vetgov.uz сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда тегишли мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 июндан паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга дон захираси яратиш учун Марказий банк асосий ставкасида 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача револьвер кредитлар ажратилади.

Паррандачиликни ривожлантириш бўйича мақсадли давлат дастурлари бўйича кредит маблағлари 10 йилгача муддатга 3 йилгача имтиёзли давр билан ажратилади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш учун «Микрокредитбанк» АТБга йўналтирилган миқдоридаги маблағларини қайтариш муддати 7 йилдан 10 йилгача 5 йиллик имтиёзли давр билан узайтирилади.

Тадбиркорларга уларнинг мавжуд қувватларини тўлиқ ишга тушириш учун олдин ажратилган кредитларнинг қайтариш муддати уларнинг аризасига кўра ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифларига асосан 10 йилгача узайтирилади.

«Паррандасаноат» уюшмасига аъзо паррандачилик хўжаликларига 2022 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январгача даврда паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидия миқдори 12 минг сўм этиб белгиланди.

Парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажмлари йил якунигача камида 35 фоизга оширилиб, 600 минг тоннага етказилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм револьвер кредит ажратилиши маълум қилинганди.