Шавкат Мирзиёев 6 июль кунги йиғилишда 1 сентябрга қадар туман ва шаҳарларнинг қулай жойларида Ипотека марказларини ташкил қилишга кўрсатма берди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, йиғилишда 1 сентябрга қадар туман ва шаҳарларнинг қулай жойларида банк, молия, қурувчи ташкилотлар, нотариус, кадастр идоралари бир жойда ўтириб, аҳолига янги уй-жойлар лойиҳаси, нархи, кредит ва субсидия шартлари бўйича батафсил хизмат кўрсатадиган Ипотека марказларини ташкил қилишга кўрсатма берилган.
Шунингдек, яратилган имконият ва шарт-шароитларга қарамасдан, ипотека кредити орқали аҳолини уй-жойлар билан таъминлаш ишлари талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, 2022 йилда 43 мингта уй-жой учун бюджетда банкларга 13 триллион сўм ресурс кўзда тутилган бўлиб, ўтган олти ойда 3,6 триллион сўм (28 фоиз) ўзлаштирилган.
Шунингдек, 29 минг нафар аҳолига субсидия учун 1,2 триллион сўм ажратилган бўлсада, 8,5 минг нафарига 365 миллиард сўм (30 фоиз) тўлаб берилган.
Матбуот котибининг ёзишича, ажратилган ресурс ва субсидияни ўзлаштириш даражаси Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 25 фоиздан паст.
Масъулларлга бир ой муддатда субсидия ажратишдаги бюрократияни камайтириш, қурилиш учун ерларни савдога чиқаришни 2 бараварга кўпайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.


