Ўзбекистонда 2021 йил аҳолига қанча ипотека кредитлари ажратилгани маълум бўлди
Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда ипотека кредитлаш қолдиғи 4,7 баравар ўсди.

Ўзбекистонда 2021 йил ипотека кредитларининг умумий миқдори 9,8 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2017–2021 йилларда Ўзбекистонда ипотека кредитлаш қолдиғи 4,7 баравар ўсган. 2021 йилда тижорат банклари томонидан 59 минг 570 нафар фуқарога қарийб 9,8 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 700 миллиард сўмга кўпдир.
Марказий банк инфографикасида келтирилган маълумотларга кўра, охирги 5 йилда тижорат банклари томонидан жами 35,6 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Хусусан, 2020 йилда 9,1 триллион сўм, 2019 йилда 7,9 триллион сўм, 2018 йилда 4,8 триллион сўм, 2017 йилда 4 триллион сўм.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 триллион сўмга етган. Ажратилган кредитларнинг 7,35 триллион сўми бирламчи бозордаги уйларга, 2,44 триллион сўми иккиламчи бозордаги уйлар учун йўналтирилган. Ушбу кредитларнинг 42 фоизи хотин-қизлар ҳисобига тўғри келади.
Аввалроқ Ипотека кредити бўйича субсидиялар тўлашда яна бир амалиёт бекор қилиниши хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ипотека бўйича яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини танқид қилгани ҳақида хабар берилди.






