Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Евро 20 йил ичида биринчи марта доллар билан тенглашди

Евро нақд пул шаклида муомалага киритилган бери, сўнгги йигирма йил ичидаги энг паст даражага тушди.

Халқаро савдоларда евро курси доллар билан тенглашди, эндиликда бир евро бир долларга тенг. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.

Евро нақд пул шаклида муомалага киритилган бери, сўнгги йигирма йил ичидаги энг паст даражага тушди.

«Ҳозирда Европа валютасида махсус қўллаб-қувватлов йўқ», — дея Reuter’sга малум қилган Standard Chartered компаниясининг катта иқтисодчиси Сара Хюн.

«Альфа-Банк» бош иқтисодчиси Наталя Орлованинг фикрича, евронинг қулашига икки асосий сабаби бор.

«Биринчиси, инвесторларнинг қўрқуви: улар глобал таназзулдан қўрқади ҳамда ҳозирда доллар ва АҚШ активларини ўз ичига олган ‘нуқталарга’ сармоя киритмоқда. Капиталнинг бундай ҳаракати ‘хавф иштаҳасининг пасайиши’ деб аталади», — дея тушунтиради Орлова. 

Унинг айтишича, иккинчи сабаб — энергетика инқирози: Европа иқтисодиёти учун энергия нархининг ошиши билан курашиш осон эмас. 

«Доллар кейинги ярим йил ёки ундан ҳам кўпроқ вақт давомида ҳам мустаҳкам бўлиб қолади. Энг кўп хавф Европадаги иқтисодий вазиятнинг ривожи билан боғлиқ», — дея қўшимча қилади Орлова.

«Промсвязьбанк» таҳлилчиларига кўра, евро АҚШ Федерал захира тизими ва Европа Марказий банки (ЕМБ) пул-кредит сиёсатидаги фарқ туфайли ҳам босим остида. 

«Федерал захира тизими инфляциянинг ўсиши шароитида ўзининг асосий ставкасини бир неча бор оширди, Европа Марказий банки эса асосий ставкасини кўтармади, ҳозирча фақат бунга тайёргарлик кўрмоқда.

Бу ЕМБ яқин келажакда Федерал захира тизимига қараганда ставкаларни оширишда чекланган имкониятларга эга бўлади, деган тахминларни келтириб чиқаради. Натижада евро-доллар жуфтлиги динамикасидаги оғиш сақланиб қолади», — деб таъкидлаганди аввалроқ «Промсвязьбанк» таҳлилчилари.

Газпромбанк Private Banking бошқарувчи директори Егор Сусиннинг фикрича, Евро қадрининг тушиши сабаблари — еврозона савдо балансининг қулаши, рекорд даражадаги инфляция, яқинлашиб келаётган рецессия, бир қатор мамлакатларнинг катта қарзлари ва «тишсиз» Европа Марказий банки.

«Бу омиллар евро учун осон келажакни ваъда қилмайди» — дея қўшимча қилган у.

Мутахассис, шунингдек, 1998 йилдан бери энг паст даражага тушган япон иенаси муаммоларига ҳам эътибор қаратган.

«Рецессияга тушиб қолиш хавфи бўлган турғун иқтисодиёт кучли валютага эга бўлолмайди. Европа Иттифоқининг ўзи экспорт ва импортни чеклайди, савдо балансини бузади, унинг камомадини оширади. Салбий савдо баланси билан евро барқарорлиги ҳақида гапириб бўлмайди», — деб ёзади BCS Express эксперти Михаил Зельцер. 

Зельцер евро курсининг бир евро учун саксон центгача пасайишини истисно этмаган.

Мавзуга доир: