Евро дизайни 20 йилда илк бор ўзгаради
Банкнотларнинг бўлажак дизайнини аниқлаш учун фокус-гуруҳлар тузилади.

Европа Марказий банки (ЕМБ) 2024 йилгача евро банкнотлари дизайнини ўзгартириш режасини эълон қилди. Бу ҳақда банк сайтида хабар берилди.
«20 йил деганда банкнотларимизнинг ташқи кўринишини қайта кўриб чиқиш вақти келди. Уларни келиб чиқиш ва ёш жиҳатидан ҳар қандай европаликка яқинроқ қилиш керак», — дейди ЕМБ президенти Кристин Лагард.
Банкнотларнинг бўлажак дизайнини аниқлаш учун фокус-гуруҳлар тузилади, уларнинг таркибига Европа Иттифоқининг барча давлатларидан вакиллар киради. Режага кўра, улар янги дизайн учун мавзулар рўйхатини тузишлари керак, кейин мавзуларнинг энг яхшиси танланади.
«ЕМБ жамоатчиликдан сўнгги рўйхатга киритилган мавзуларга ўз ҳиссасини қўшишни илтимос қилади», дейилади пресс-релизда.
Якуний қарор ЕМБ раҳбарияти томонидан жамоатчилик билан маслаҳатлашувлардан сўнг, қабул қилинади.
«Европа фуқаролари ўз пуллари сифатида тан олиб, ғурур билан ишлатишлари мумкин бўлган евро банкнотларини ишлаб чиқмоқчимиз», — дейди ЕМБ Ижроия кенгаши аъзоси Фабио Панетта.
Унинг қўшимча қилишича, евро банкнотларини қайта ишлаб чиқиш жараёни рақамли евро бўйича тадқиқотлар билан бирга боради.
Евро Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатдан 19 тасининг пул бирлигидир. Евро банкнотларида Европа тарихининг турли даврларидаги меъморий услубларини ифодаловчи объектлар тасвирланган.
Рақамли евро яратиш бўйича пилот лойиҳа 2021 йил июль ойида бошланган эди. Янги валюта опцияси Европа Иттифоқи резидентларига банкларни четлаб ўтиб операцияларни амалга ошириш имконини бериши керак.






