Ўзбекистонда солиқ имтиёзларини назорат қилиш учун «E-imtiyoz» ахборот тизими яратилди
Тизим солиқ тўловчиларга ҳисобларни тўлақонли ва ўз вақтида юритиш имконини беради

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари томонидан «E-imtiyoz» автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ахборот тизими Ўзбекистоннинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномаларда назарда тутилган солиқ имтиёзлари, шунингдек, уларни қўллашни амалга оширувчи солиқ тўловчилар ҳисобини тўлақонли ва ўз вақтида юритиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, «E-imtiyoz» тизимига амалдаги 3931 та солиқ имтиёзи киритилган бўлиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида ID-код бириктирилган. Шунингдек, электрон ҳисобварақ-фактура шакллантиришда ва товарлар (хизматлар)нинг МХИКини кўрсатишда, «Имтиёз» қаторида айни товар ёки хизмат учун мавжуд имтиёз коди автоматик равишда акс этади.
Хабарда, шунингдек, агар маълум бир имтиёз акс эттирилмаса, «Тадбиркор ва Солиқчи» Telegram гуруҳи ёки my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали тегишли тартибда мурожаат йўллаш лозимлиги таъкидланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда таълим кредити олганларга айрим солиқ имтиёзлари қўлланиши мумкинлиги хабар қилинганди. Шунингдек, Оролбўйи минтақасидаги тадбиркорларга 10 йиллик солиқ имтиёзлари берилиши ҳақида хабар берилди.






