Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан қоидабузарликларни йўл қўйилишига сабабчи бўлган 101 нафар банк ходимларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чоралари қўлланди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан май-июнь ойларида 15 та тижорат банкининг Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон республикаси ва Тошкент шаҳрида жойлашган 74 та муассасасида банк хизматлари қонунчиликка мувофиқ кўрсатилишига доир навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилган.
Ўрганишлар натижасида тижорат банклари муассасалари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда қатор қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
Жумладан, кредит ва омонат хизматлари ҳақида маълумотлар, шу билан бирга, кредит ва муддатли омонатларнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақалари тақдим этилмаганлиги, шунингдек, банк карталари эгаларига айрим молиявий операциялар ўтказишда имкон яратиб берилмагани ҳолатлари кузатилган.
Аниқланган қоидабузарликлар бўйича «Ипотека банк», «Агробанк», «Микрокредитбанк», «Халқ банки», «Туронбанк», «Трастбанк», «Капиталбанк», «Миллий банк», «Ҳамкорбанк», «Асака банк», «Универсалбанк», «Даврбанк» ва «Ипак йўли» банкига банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳамда бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги юзасидан чоралар кўрилиши тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборилган.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан қоидабузарликларни йўл қўйилишига сабабчи бўлган 101 нафар банк ходимига нисбатан қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чоралари қўлланган.
Аввлароқ Марказий банк кредитларга кафил бўлган фуқароларни огоҳлантирганди. Шунингдек, регулятор «Даврбанк»ка нисбатан жарима санкцияси қўллади. Кейинчалик регулятор омонатлар бўйича бир нечта тижорат банкларига кўрсатма хатлари юборди.


