Тадбиркор Олег Тиньков икки кун олдин вафот этган СССР собиқ президенти Михаил Горбачёвнинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда бизнесмен Instagram’даги саҳифасида пост эълон қилди.
«Михаил Горбачёвнинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдираман. У энг яхши сиёсатчи эди, барчамизга эркинлик ва цивилизациялашган дунёда яшаш имкониятини берди, ҳозиргилар ҳаммасини ўраб олмоқда», — деб ёзди Тиньков.
Шунингдек, у Горбачёв рафиқаси Раиса Горбачёва лейкемиядан вафот этганидан кейин мамлакатда қон саратонига қарши курашда энг кўп иш қилганини таъкидлади.
Россияда 2021 йилда онкогематологияни ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи Tinkoff оиласи хайрия жамғармасига асос солган тадбиркор: «Бизнинг жамғармамиз кўпроқ ишлар қилишга ҳаракат қилмоқда», — деб ёзди.
Охирги уч йил давомида Тиньков лейкемиядан даволанди.
Михаил Горбачёв 30 август куни кечқурун оғир ва узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. У 91 ёшда эди.
Россия президенти Владимир Путин 31 август куни Горбачёвнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, уни «жаҳон тарихи ривожига улкан таъсир кўрсатган давлат арбоби» деб атади.


