Рейтинг. Ўлимидан кейин ҳам миллионлаб доллар топишда давом этаётган машҳурлар
Рейтингда болалар ёзувчиси Роальд Даль биринчи ўринни эгаллади
Forbes журнали ўлимидан кейин ҳам пул ишлашда давом этаётган машҳурлар рейтингини эълон қилди. Рейтингда болалар ёзувчиси Роальд Даль 2021 йил, Netflix унинг асарларига эгалик ҳуқуқларини сотиб олганидан кейин илк марта биринчи ўринни эгаллади.
Forbes тузган рўйхат таркибига 13 нафар созанда, хонанда, ёзувчи ва бошқа маданият арбоблари киритилган. «Контент пойгасининг тезлашиши» фонида уларнинг умумий даромадлари йил давомида деярли уч бараварга ошиб, қарийб 1 миллиард долларни ташкил қилди.
Рейтингда биринчи марта 2021 йил британиялик болалар ёзувчиси, «Чарли ва шоколад фабрикаси» романи муаллифи Роальд Даль етакчилик қилди. Бунга ёзувчининг асарларини суратга олиш ҳуқуқини сотиб олган Netflix стриминг хизмати ва Roald Dahl Story Company ўртасидаги келишув сабаб бўлди. Bloomberg маълумотларига кўра, битим қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган.
Иккинчи ўринни америкалик мусиқачи Принс эгаллади. Марҳум санъаткорнинг қариндошлари 2021 йил мероснинг 43 фоизини, жумладан мусиқа каталогининг бир қисмини Primary Wave’га сотиб, 120 миллион доллар ишлаб топди.
Охирги 8 йил давомида энг кўп даромадга эга вафот этган машҳурлар рўйхатини бошқариб келаётган қўшиқчи Майкл Жексон бу сафар учинчи ўринни эгаллади. Марҳум санъаткор томонидан яратилган Mijac Music лейблига қарийб 30 миллион доллар сармоя жалб қилинган ва Жексоннинг дискографияси турли платформаларда 1,3 миллиардга яқин эшитишлар сонига эга бўлган.
Энг юқори даромадга эга вафот этган машҳурларнинг тўлиқ рейтинги қуйидагича кўриниш олган:
- Роальд Даль (513 миллион доллар);
- Принс (120 миллион доллар);
- Майкл Жексон (75 миллион доллар);
- Чарльз Шульц (40 миллион доллар);
- Доктор Сьюз (35 миллион доллар);
- Бинг Кросби (33 миллион доллар);
- Элвис Пресли (30 миллион доллар);
- Арнольд Палмер (27 миллион доллар);
- Жерри Гоффин (23 миллион доллар);
- Лютер Вандросс (21 миллион доллар);
- Боб Марли (16 миллион доллар);
- Juice WRLD (15 миллион доллар);
- Жон Леннон (12 миллион доллар).
Маълумот учун, рейтингни тузишда American Forbes MRC Data, IMDbPro ва NPD BookScan маълумотларига, шунингдек, соҳа инсайдерлари билан суҳбатларга таянилган. Барча суммалар агент, менежер ва юридик тўловлар чегириб ташланишидан олдин кўрсатилган. Рейтингда 2020 йил 30 октябрдан 2021 йил 30 октябргача бўлган даромадлар ҳисобга олинган.
Аввалроқ Илон Маскнинг бойлиги 250 миллиард доллардан ошгани маълум бўлганди.