«Ўзбекнефтгаз»га тегишли АЁҚШларда 26 ноябрь соат 20:00 дан бошлаб Аи-80 маркадаги бензин 6890 сўмдан сотувга чиқарилади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖга тегишли АЁҚШларда сўнгги кунларда бензин тақчиллиги кузатилгани сабабли интернет ижтимоий тармоқларида танқидий муҳокамалар бўлган.
Бензин тақчиллигини олдини олиш учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Товар-хом ашё биржаси» АЖ ҳамкорлигида чора-тадбир ишлаб чиқилган.
Натижада «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли АЁҚШларда 26 ноябрь куни соат 20:00 дан бошлаб Аи-80 маркадаги бензин 6890 сўмдан сотувга чиқариладиган бўлди.
Республика ҳудудидаги «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг барча АЁҚШларда бензин бўлиши таъминланади.
Бензин нархи атрофидаги гаплар
Сўнгги кунларда Ўзбекистонда бензин нархи кескин кўтарилиши жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Аввалроқ Ўзбекистонда АИ-80 бензинининг бошланғич нархи 70 фоиз кўтарилгани маълум қилинди. Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев бензин нархи 10–15 кун ичида ўзгаришини айтди.
Кейинчалик Ўзбекистонда биржа савдоларида Аи-80 маркали автомобиль бензини нархи 8 фоизга арзонлашди. «Ўзбекнефтгаз» департамент директори Хушнуджон Маҳмудов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда Аи-80 маркали бензиндан воз кечилишини маълум қилди. Шунингдек, 20 ноябрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида Аи-80 маркали бензин нархи 9,5 фоизга арзонлашгани ҳақида хабар берилди.


