Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида Аи-80 бензини арзонлади
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархи пасайиши учун олиб борилган чораларни маълум қилди

Ўзбекистонда биржа савдоларида Аи-80 маркали автомобиль бензини нархи 8 фоизга арзонлашди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Ушбу ишчи гуруғ томонидан АИ-80 маркали автомобиль бензинини биржа савдолари орқали барча харидорларга тенг шароитларда сотилишини ташкил қилиш мақсадида қуйидаги амалий чоралар кўрилган:
- биринчидан, нефтни қайта ишлаш корхоналари томонидан 2021 йил 17 ноябрдан бошлаб биржа савдоларига қўйиладиган кунлик умумий автомобиль бензини ҳажмининг камида 20 фоизини 1 тонналик лотларда қўйилиши таъминланган;
- иккинчидан, биржа савдоларига қўйилаётган автомобиль бензини харидорларига кенг имкониятлар яратиш мақсадида, бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган маҳсулот ҳажмларининг максимал миқдорини 60 тонналик лотлар бўйича 120 тонна ҳамда 1 тонналик лотлар бўйича 10 тонна миқдорида (лимит) белгиланган;
- учинчидан, биржа савдоларига қўйилаётган автомобиль бензинини кунлик қўйиладиган ҳажмлари оширилган.
Кўрилган амалий тадбирлар натижасида, 2021 йилнинг 15 ноябрига нисбатан 17 ноябрь куни:
- биржа савдоларига қўйилган АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 миллион 129 минг сўмдан 9 миллион 365 минг сўмга тушиб, 8 фоизга арзонлашган;
- биржа савдолари орқали бензин сотиб олувчи кунлик харидорлар сони 3,5 бараварга ошган (32 тадан 112 тага).
Таъкидланишича, юқоридаги кўрсатилган чора-тадбирлар бу вақт талаб қиладиган масала. Шу сабабдан ушбу даврда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари томонидан илгари сотиб олинган қиммат нархдаги бензин захиралари ҳисобига юқори чакана нархлар сақланиб қолиши мумкин.
Аввалроқ бензин нега қимматлагани ва қачон арзонлаши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Аи-80 маркали бензиндан воз кечилиши хабар қилинди.






